Нью-Йорк аэропортида иккита самолёт тўқнашиб кетди
Ҳодиса оқибатида стюардесса тан жароҳати олган.

Кеча, 1 октябрь куни кечқурун Нью-Йорк шаҳридаги ЛаГуардия халқаро аэропортида Delta Air Lines авиакомпаниясига тегишли иккита самолёт паст тезликда бир-бирига тўқнашди. Ҳодиса маҳаллий вақт билан соат 21:56 атрофида, самолётлар йўлакда ҳаракатланаётган вақтда содир бўлган.
Маълумотларга кўра, улардан бири Вирджиния штатидаги Роанок шаҳрига парвозга тайёрланаётган бўлган, иккинчиси эса Шарлотт (Шимолий Каролина) йўналишидан қўнган.
Тўқнашув оқибатида бир стюардесса енгил жароҳат олган ва шифохонага етказилган. Йўловчилар орасида жабрланиш ҳолатлари қайд этилмаган.
Delta Air Lines ходисани “паст тезликда тўқнашув” сифатида таърифлаб, тегишли идоралар билан ҳамкорликда текширув олиб борилишини маълум қилди.
Федерал авиация маъмурияти (FAA) ҳодиса юзасидан суриштирув бошлаган. Ҳозирча аэропортнинг умумий иш фаолиятига жиддий таъсир кўрсатилмаган ва парвозлар режа асосида амалга оширилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, ЛаГуардия аэропорти АҚШнинг энг йирик аэропортларидан бири бўлиб, ҳар куни юзлаб рейсларга хизмат кўрсатади.







