Италияда Фаластинни қўллаб-қувватлаш учун умумий иш ташлаш бошланди
Рим, Милан ва бошқа шаҳарларда намойишлар ўтказилмоқда.

Италияда Фаластинни қўллаб-қувватлаш мақсадида умумий иш ташлаш бошланди. ANSA ахборот агентлигининг хабар беришича, мамлакат бўйлаб поездлар ва шаҳарлараро қатновларда бекор қилиниши ҳамда кечикишлар кузатилмоқда. Иш ташлаш Италия умумий меҳнат конфедерацияси ташаббуси билан ташкил этилган бўлиб, “Сумуд” флоти миссиясини қўллаб-қувватлашга қаратилган. Мазкур миссия иштирокчилари Исроил ҳукумати томонидан Ғазо сектори денгиз блокадасини бузишга уринишда айбланиб, ҳибсга олинган эди.
Норозиликка порт ишчилари ҳам қўшилиб, хусусан Ливорно портига кириш йўллари тўсиб қўйилган, юк машиналарининг узун навбатлари юзага келган. Рим, Милан, Неаполь ва Турин шаҳарларида Фаластин байроқлари остида митинглар давом этмоқда. Шу билан бирга, Болонья ва Туринда намойишчилар билан полиция ўртасида тўқнашувлар содир бўлган, вандализм ҳолатлари қайд этилган. Туринда эса норозилар Европа технологиялар ҳафталиги ўтказиладиган майдонга бостириб кириб, жиҳозларга зарар етказган.
Ҳукумат иш ташлашни ноқонуний деб эълон қилиб, қатнашчиларга нисбатан жазо чораларини кўриб чиқмоқда. Италия бош вазири Жоржия Мелони иш ташлашни “дам олиш кунларини узайтириш истаги” сифатида баҳолади. Мухолифат эса ҳукуматни “фаластинликларга қарши жиноятчи режим”ни қўллаб-қувватлаётганликда айблади.
Исроил томонидан ҳибсга олинган италиялик фаоллар орасида 40 нафар фуқаро борлиги маълум қилинди. Италия Ташқи ишлар вазирлиги улар депортация қилингунига қадар яхши шароитда сақланаётганини билдирди. Шунингдек, ҳибсга олинганлар орасидаги тўрт нафар парламент аъзоси, жумладан, Европа парламенти депутатлари озод этилиб, Римга қайтган.
Ҳуқуқ-тартибот кучлари мамлакат бўйлаб юзага келиши мумкин бўлган тартибсизликларнинг олдини олиш учун шай ҳолатга келтирилган.







