Путин НАТО фаолиятини Украина можаросининг асосий сабаби дея баҳолади
Россия президенти давлат ҳеч қачон заифлик кўрсатмаганини ва келажакда ҳам кўрсатмаслигини билдирди.

Россия Президенти Владимир Путин ўз чиқишида мамлакатнинг халқаро майдондаги ўрни, НАТО фаолияти, Украина инқирози ҳамда Ғарб давлатлари билан муносабатлар борасида бир қатор муҳим фикрларни билдириб ўтди.
Путиннинг сўзларига кўра, Россия тарихий давлат сифатида ҳар доим мавжуд бўлган ва келажакда ҳам ўз мавқеини сақлаб қолади. У Россияга қарши қаратилган провокациялар оғир оқибатларга олиб келиши мумкинлигини қайд этди. Президентнинг таъкидлашича, Россияга нисбатан жорий этилган мислсиз миқдордаги санкциялар кутилган натижа бермаган ва мамлакат ўз мустахкамлигини сақлаб қолмоқда.
Путин НАТОнинг Россия чегараларига яқинлашуви Украина можаросига сабаб бўлганини эслаб, агар бу ҳолат кузатилмаганида, можаро бошланмаган бўлиши мумкинлигини таъкидлади. У шунингдек, АҚШнинг президенти Дональд Трамп ҳокимиятда бўлганида вазиятни олдиндан ҳал этиш имконияти юқори бўлишини билдирди.
Президентнинг сўзларига кўра, Европа давлатлари можарони янада кескинлаштиришга уринимоқда, Киевдаги раҳбарлар эса ўз фуқароларини нотўғри йўлга бошламоқда. Шунга қарамай, Россия армияси стратегик ташаббусни қўлдан бермаган ва доимо жанговор тайёргарликда қолмоқда.
Путин Россия ҳеч қачон ҳарбий тўқнашувларни бошламаганини, бироқ мамлакатнинг хавфсизлиги ва манфаатларини ҳимоя қилишда қатъиятли бўлишини алоҳида таъкидлади.







