Энди барча виза турлари билан Умрага бориш мумкин
Саудия Арабистони барча виза эгаларига Умра зиёратини амалга оширишга рухсат берди.

Саудия Арабистони “Ҳаж ва Умра” вазирлигининг маълум қилишича, энди мамлакатга ҳар қандай турдаги виза билан кирган шахслар Умра зиёратини адо этишлари мумкин бўлади. Бу ҳақида Саудия ахборот агентлиги хабар берди.
Янгиланган тартиб барча виза турларига — туристик, хизмат, меҳнат, оилавий, шахсий ҳамда транзит (stopover) визаларига ҳам тааллуқли. Энди бу визалар эгалари Саудия ҳудудига кирган пайтдан бошлаб Макка ва Мадинада Умра амалларини бажариш ҳуқуқига эга бўлади.
Маълумот учун, Саудия Арабистони сўнгги йилларда зиёратчилар учун қулайликлар яратиш мақсадида бир қатор ислоҳотларни амалга оширмоқда. Жумладан, “Nusuk Umrah” номли рақамли платформа ишга туширилиб, у орқали зиёратчилар меҳмонхона, транспорт ва зиёрат хизмати учун онлайн рўйхатдан ўтиши мумкин.
Ҳукумат вакилларининг таъкидлашича, мазкур ташаббуслар нафақат диний зиёратларни енгиллаштириш, балки Саудия Арабистонига келувчи сайёҳлар сонини кўпайтиришга ҳам хизмат қилади. Бу “Saudi Vision 2030” дастурининг туризм ва диний соҳаларни ривожлантиришга қаратилган йўналишларидан бири ҳисобланади.
Янги тартибга кўра, зиёратчилар Умра амалларини бажаришдан аввал “Nusuk” платформаси ёки тегишли туроператор орқали олдиндан рўйхатдан ўтиши талаб этилади.







