Қозоғистонда спиртли ичимликлар савдоси тақиқланиши мумкин
Қозоғистон соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш мақсадида янги чекловлар жорий этмоқда.

Қозоғистон Ички ишлар вазирлиги мамлакатда спиртли ичимликлар савдосини тартибга солиш бўйича янги чоралар кўришни таклиф қилди. Бу ҳақда ички ишлар вазири Ержан Саденов парламент қуйи палатасида ўтказилган ҳукумат соати давомида маълум қилди.
Вазирлик таклифига кўра, спиртли ичимликлар фақат махсус лицензияга эга дўконларда сотилиши, уларни онлайн тарзда реализация қилиш эса бутунлай тақиқланиши лозим. Шунингдек, савдо нуқталарининг сонини чеклаш ҳамда уларнинг фаолиятини лицензиялаш талаблари кучайтирилиши режалаштирилган.
Ержан Саденовнинг сўзларига кўра, кўнгилочар масканларда спиртли ичимликлар савдосига вақт жиҳатдан чекловлар киритиш зарур, чунки ўтган йили бундай жойларда 1400 дан ортиқ жиноят, жумладан, учта қотиллик маст ҳолатда содир этилган.
“Бизнинг асосий мақсадимиз — фуқаролар ҳаёти ва соғлигини ҳимоя қилиш,” — деди Саденов.
Вазир, шунингдек, мамлакатда соғломлаштириш ва реабилитация марказлари етишмаётганини таъкидлади. Ҳозирда мавжуд 38 та марказда атиги 699 ўрин мавжуд бўлиб, яна 14 та янги муассаса очиш зарурлиги қайд этилди.
Қозоғистонда сўнгги йилларда спиртли ичимликлар савдоси босқичма-босқич чекланмоқда. 2014 йилдан бошлаб кучли спиртли ичимликларни соат 21:00 дан 12:00 гача, паст алкоголлиларни эса 23:00 дан 8:00 гача сотиш тақиқланган.







