Италияда “сохта кўр” 50 йилдан бери давлатни алдагани фош этилди
70 ёшли эркак 1972 йилдан бери ўзини кўр деб кўрсатиб, миллион евродан ортиқ нафақа олган.

Италиянинг Виченса шаҳрида яшовчи 70 ёшли эркак 50 йилдан ортиқ вақт давомида ўзини кўр деб кўрсатиб, ноқонуний тарзда давлатдан ногиронлик нафақаси олиб келгани аниқланди. Бу ҳақда ANSA агентлиги хабар берди.
Полиция маълумотларига кўра, гумонланувчи 1972 йилдан бери “кўрлар рўйхати”да туриб, шу давр мобайнида пенсия ва ижтимоий тўловлар орқали бир миллион евро́дан ортиқ маблағ олган.
Эркак Молиявий гвардия томонидан олиб борилган текширувлар натижасида фош этилган. Кузатув жараёнида у ўзини мустақил тутгани, бозорларда харид қилаётгани, маҳсулотларни танлаб олаётгани ва нақд пул билан ҳисоб-китоб қилаётгани қайд этилган.
Ҳуқуқ-тартибот идоралари уни яқинда боғда ўткир асбоблар билан ишлаётган пайтда қўлга олган. Тергов органлари маълумотига кўра, эркакнинг хатти-ҳаракатлари “тўлиқ кўрлик” билан мутлақо мос келмайди.
Унга нисбатан йирик миқдордаги молиявий фирибгарлик бўйича жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ишлари давом этмоқда.







