Россияда ҳарбий завод портлаши оқибатида 9 киши ҳалок бўлди
Копейск шаҳридаги портлаш сабабини аниқлаш ишлари давом этмоқда — дрон ҳужуми деб тахмин қилинмоқда.

Россининг Челябинск вилоятига қарашли Копейск шаҳрида 23 октябрь кечаси содир бўлган кучли портлаш оқибатида камида 9 киши ҳалок бўлди, 5 нафари турли даражада тан жароҳати олди. Бу ҳақда вилоят губернатори Алексей Текслер ўзининг Telegram саҳифасида маълум қилди.
Губернаторнинг сўзларига кўра, ҳозирда жабрланганларга тиббий ёрдам кўрсатилаётгани, бедарак йўқолганлар тўғрисида маълумотлар аниқлаштирилаётгани айтилган.
Расмийлар ҳозирча портлашга дрон ҳужуми сабаб бўлгани ҳақидаги тахминни тасдиқламаган. Шу билан бирга, воқеа жойи ҳақида аниқ маълумот берилмаган. Бироқ айрим манбаларнинг хабар беришича, портлаш Копейскдаги “Пластмасс” заводида юз берган бўлиши мумкин. Мазкур корхона Россия мудофаа саноати учун ўқ-дори ва ҳарбий техника деталларини ишлаб чиқаради.
Маҳаллий гувоҳларнинг сўзларига кўра, портлашдан аввал ҳудуд устида бир нечта учувчисиз аппаратлар учгани кузатилган. Telegram’даги “112” канали маълумотига кўра, воқеа вақтида заводда 15 нафар ишчи навбатчиликда бўлган.
Украина манбалари, хусусан OSINT-лойиҳаси Exilenova+, ушбу заводнинг илгари Брянск вилоятида портлаган ҳарбий-кимё корхонасига ўхшашини қайд этди. Уларнинг таъкидлашича, ҳар икки объект Россиянинг Украинага қарши ҳарбий амалиётларини қўллаб-қувватловчи саноат тармоғига киради.
Ҳозирча Россия Мудофаа вазирлиги ҳам, Украина Бош штаби ҳам мазкур портлаш юзасидан расмий баёнот бермаган. Мутахассислар сўнгги ҳафталарда Россия ҳудудидаги ҳарбий объектларда портлаш ва ёнғинларнинг кўпайишини Украина томонидан амалга оширилаётган дрон ҳамда ракета ҳужумлари билан боғламоқда.







