ЕИ Россияга қарши 19-санкциялар пакетини маъқуллади
Унга Хитой заводи ва компанияларини ҳам қўшиш муҳокама қилинмоқда.

Европа Иттифоқи Россияга қарши навбатдаги — 19-санкциялар пакетини маъқуллади. Ушбу чора-тадбирлар Россиянинг Украинадаги ҳарбий ҳаракатларини молиялаштириш имкониятларини чеклаш ва санкцияларни четлаб ўтишга қарши курашишга қаратилган.
Янги пакетнинг энг муҳим бандларидан бири — Россиядан суюлтирилган табиий газ (LNG) импортни босқичма-босқич тўхтатишдир. Режага кўра, газ импортига тўлиқ таъқиқ 2027-йил 1-январдан кучга киради. Шунингдек, Европа Иттифоқи Россия томонидан санкцияларни четлаб ўтишда фойдаланилаётган деб топилган “shadow fleet” — яъни сохта эгаликдаги кемалар тармоғига қарши янги чораларни жорий этади.
Пакетга энергетика, молиявий хизматлар, крипто-биржалар ва логистика соҳасида фаолият юритаётган айрим хорижий компаниялар ҳам киритилган. Reuters хабарига кўра, санкциялар рўйхатига икки Хитой нефтьни қайта ишлаш заводи ва бир савдо компаниясини қўшиш ҳам муҳокама қилинмоқда.
Европа дипломатик доираларида бу пакет Россиянинг санкцияларни айланиб ўтиш йўлларини қисқартиришга, шунингдек, Европа бозорининг энергия мустақиллигини кучайтиришга хизмат қилиши таъкидланмоқда. Европа Иттифоқининг ташқи сиёсат бўйича олий вакили Кая Каллас эса, “19-пакет сўнггиси эмас — Европа Россиянинг тажовузкор сиёсатга қарши қатъий чора кўришда давом этади”, — дея баёнот берди.
Янги санкциялар яқин кунларда Европа Кенгашининг расмий журналида эълон қилинади ва кучга киргач, аъзо давлатлар томонидан амалга ошириш механизмлари ишлаб чиқилади.







