Исроил Ғазо секторида БМТ фаолиятини тақиқлади
Бу минтақада янги инқирозларни келтириб чиқариши мумкин.

Исроил ҳукумати Ғазо секторида БМТнинг Фаластин қочқинларига ёрдам кўрсатувчи агентлиги — UNRWA фаолиятини расман тақиқлади.
Кнессет (Исроил парламенти) томонидан қабул қилинган ҳужжатга кўра, UNRWA ташкилоти Исроил ҳудуди ва Ғазо билан чегарадош минтақалардаги фаолиятини тўхтатиши шарт. Ҳукумат бу қарорни “миллий хавфсизликни таъминлаш” ва “террорчилик фаолияти билан боғлиқ айрим ҳолатларни олдини олиш” билан изоҳлади.
БМТнинг маълумотларига кўра, UNRWA 1949 йилда ташкил этилган бўлиб, Ғазо секторидаги икки миллионга яқин фаластинлик аҳолига озиқ-овқат, сув, тиббий ёрдам ва таълим хизматларини кўрсатиб келган.
БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш Исроил қарорини қаттиқ танқид қилиб, “бу қадам фақат гуманитар инқирозни чуқурлаштиради” дея баёнот берди. Унинг таъкидлашича, агентликнинг фаолияти тўхташи Ғазодаги миллионлаб фуқароларнинг тирикчилик манбаи ва зарур хизматларсиз қолишига олиб келади.
Европа Иттифоқи ва БМТ Хавфсизлик Кенгаши Исроилни бу қарорни қайта кўриб чиқишга чақирди. Германия ва Франция ҳам бу чорани “ғайриинсоний ва ҳуқуқ нормаларига зид” деб баҳолади.
Мутахассислар таъкидлашича, агар UNRWA фаолияти узоқ вақтгача тўхтаб қолса, Ғазо секторидаги ижтимоий инқироз янада кескинлашиши ва минтақада янги инқирозлар келиб чиқиши мумкин.







