Германиянинг энг йирик атом электр станцияси портлатиб юборилди
160 метр баландликдаги миноралар мина қилиниб, хавфсиз тарзда бузиб ташланди.

Германиянинг Бавария ерларида жойлашган ва мамлакатдаги энг қудратли атом электр станцияси ҳисобланган Гундремминген АЭС совутиш миноралари назоратли тарзда портлатиб бузиб ташланди.
Бу ҳақда NiUS портали хабар беришича, 160 метр баландликдаги иккита совутиш минораси хавфсизлик чораларига риоя этилган ҳолда мина қилиниб, муваффақиятли равишда йўқ қилинган.
Мутаҳассислар таъкидлашича, ушбу жараён Германиянинг атом энергиясидан бутунлай воз кечиб, қайта тикланувчи манбаларга ўтиш сиёсатининг муҳим босқичи ҳисобланади. Воқеа мамлакат энергетика тизимида “атом даври” якунланиб, янги барқарор энергия даври бошланганининг рамзи сифатида талқин этилмоқда.
Германия ҳукумати илгари белгиланган “Атомдан чиқиш” дастури доирасида мамлакатдаги барча атом электр станцияларини тўлиқ ёпганини эслатиб ўтиш лозим.







