Яна 2,5 йил сабр қилсак, электр танқислиги тугайди — Жапаров
Қирғизистонда 40 дан ортиқ янги ГЭС ва иссиқлик станциялари қурилмоқда.

Қирғизистон Президенти Садир Жапаров 27 октябрь куни Жалолобод вилоятига ташрифи чоғида Қоракўл гидроэлектр станциясининг очилиш маросимида сўзга чиқди. Давлат раҳбари маросимда мамлакат энергетика тизимидаги ислоҳотлар ва келгуси режалар ҳақида маълумот берди.
Президентнинг таъкидлашича, Қоракўл ГЭСнинг ишга туширилиши Қирғизистоннинг энергетик хавфсизлигини мустаҳкамлаш ва миллий иқтисодиёт барқарорлигини оширишда муҳим қадам ҳисобланади.
“Қиш мавсумида электр таъминотида қисқа муддатли узилишлар бўлиши мумкин. 30 йил чидадик, яна икки ярим йил сабр қиламиз. Бу давр якунлангач, мамлакатимиз электр энергиясини импорт қилишдан воз кечади”, — деди Жапаров.
Унинг сўзларига кўра, лойиҳа белгиланган муддатдан беш ой олдин якунланиб, маҳаллий «Жагалмай» компанияси томонидан миллий ресурслардан фойдаланган ҳолда амалга оширилган.
Шунингдек, ҳозирда мамлакат бўйлаб 40 га яқин кичик ва ўрта ГЭСлар, ҳамда Қора-Кече иссиқлик электр станцияси қурилаётгани билдирилди. Ушбу иншоотлар тўлиқ ишга тушгач, Қирғизистон нафақат электр импортини тўхтатади, балки энергия экспорт қилувчи давлатга айланиши режалаштирилмоқда.
“Табиий ресурсларимиздан оқилона фойдаланиш бошланганини бугун яққол кўрмоқдамиз. Қоракўл ГЭС – мамлакатимиз энергетик мустақиллиги йўлидаги муҳим босқич”, — деди Президент Жапаров.
Маълумот учун, Қоракўл гидроэлектр станцияси Қорасув дарёсида барпо этилган бўлиб, замонавий технологиялар билан жиҳозланган. Лойиҳага кўра, ГЭС 15 йил фаолият юритганидан сўнг давлат балансига ўтказилади.








