Нетаняху Ғазога кучли зарбалар беришни буюрди
Бу қарорга Рафаҳ шаҳридаги исроиллик аскарларга қилинган ҳужум сабаб бўлган.

Исроил бош вазири Бинямин Нетаняху ҲАМАС томонидан ўт очишни тўхтатиш режими бир неча бор бузилгани ҳақидаги маълумотлардан сўнг ҳарбийлар билан маслаҳатлашув ўтказди ва Ғазо секторига кучли зарбалар бериш ҳақида топшириқ берди. Бу ҳақда бош вазир девони расмий баёнотида маълум қилинди.
“Хавфсизлик бўйича маслаҳатлашувлар якунида бош вазир Нетаняҳу ҳарбий раҳбариятга Ғазо секторига дарҳол кучли зарбалар беришни буюрди”, — дейилади хабарда.
The Times of Israel нашрининг ёзишича, бу қарордан аввал Ғазо сектори жанубидаги Рафаҳ шаҳрида исроиллик аскарлар ўққа тутилгани ҳақида хабарлар тарқалган.
Айни вақтда вазият кескинлигича қолмоқда. Ҳарбий амалиётлар доирасида қўшимча ҳаракатлар эҳтимоли ҳам инкор қилинмаяпти.







