“Ҳизбуллоҳ” қайта қуролланмоқда: Яқин Шарқда яна уруш бўлиши мумкин
Исроил билан сулҳ имзоланганига ҳали бир йил ҳам тўлмай, Эроннинг энг яқин иттифоқчиси — “Ҳизбуллоҳ” яна қуроллар тўпламоқда. Экспертларга кўра, “Ҳизбуллоҳ”нинг Исроилга бу галги қаршилиги оддий бўлмайди.

Эрон томонидан қўллаб-қувватланадиган ливанлик “Ҳизбуллоҳ” ҳаракати Исроил билан тузилган сулҳга қарамай, яна қуролланмоқда. Бу ҳақда The Wall Street Journal нашри Исроил ва араб разведка манбаларига таяниб хабар берди.
Нашрга кўра, гуруҳ Суриядан ўтувчи яширин йўллар ва денгиз портлари орқали ракеталар, танкка қарши қуроллар ҳамда артиллерия снарядларини йиғмоқда. Айрим қуроллар эса тўғридан-тўғри Ливанда ишлаб чиқарилмоқда.
Гуруҳнинг бу ҳаракатлари сулҳ шартларида зид ҳисобланади. Аммо ташкилот ўзини ҳимоя қилиш учун қуролларни “зарур чора” деб баҳоламоқда.
Маълум бўлишича, Исроил томонида бундай жараён жиддий хавотир уйғотмоқда. Расмий Тел-Авив оташкесимга тўлиқ амал қилмай, ўтган ноябрдан буён “Ҳизбуллоҳ”га мингдан ортиқ зарба берган.
АҚШнинг Туркиядаги элчиси Том Баррак октябрь ойида Ливанни огоҳлантирган эди.
Унинг айтишича, агар Байрут “Ҳизбуллоҳ” фаолиятига қарши қатъий чоралар кўрмаса, Исроил мустақил ҳаракат қилиши мумкин. Ливан ҳукумати эса Қўшма Штатлар ва араб давлатлари воситасида тинч йўл билан музокараларни давом эттириш тарафдори.
“Ҳизбуллоҳ” раҳбари Наим Қосим эса телевидениедаги чиқишида гуруҳни қуролсизлантиришга қарши эканини билдирди, бироқ у янги урушни хоҳламаётганини таъкидлади. Унга кўра, сулҳ эълон қилинганидан бери “Ҳизбуллоҳ” Исроил зарбаларига жавоб қайтармаган.
The Wall Street Journal ёзишича, “Ҳизбуллоҳ” нафақат Ливанда, балки Лотин Америкада ҳам фаол молиявий ёрдам олмоқда. АҚШ экспертларига кўра, гуруҳ Венесуэлада ноқонуний савдо ва молиявий операциялар орқали даромад топмоқда.
Бу жараён Эроннинг ўзи халқаро санкциялар ва иқтисодий босим остида қолаётган бир пайтда содир бўлмоқда.
“Ҳизбуллоҳ узоқ вақтдан бери Теҳрондан молиявий ёрдам камайганда диаспора ва ноқонуний савдо тармоқларига таянган. Энди эса бу тармоқлар гуруҳнинг асосий молиявий манбаига айланган”, — деди Терроризм бўйича таҳлилчи Меттю Левит.
Таҳлилчиларга кўра, “Ҳизбуллоҳ”нинг қайта қуролланиши минтақадаги мувозанатни издан чиқариши мумкин. Исроил бу ҳолатни таҳдид сифатида кўрса, Ливан ҳукумати учун эса бу ички сиёсий муаммони келтириб чиқаради. Чунки “Ҳизбуллоҳ” устидан назорат йўқ.
Эрон эса бу жараённи очиқчасига қўлламаётган бўлса-да, Теҳрон учун “Ҳизбуллоҳ” ҳаракати Яқин Шарқда сиёсий босим воситаси бўлиб қолмоқда.







