Сербияда террор таҳдиди сабаб поездлар ҳаракати тўхтатилди
Ҳозирда йўналишларда текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Сербия миллий йўловчи темирйўл компанияси мамлакат бўйлаб барча поездлар ҳаракати вақтинча тўхтатилганини маълум қилди. Қарор компания томонидан “темирйўл йўлаклари ва поездларда портловчи қурилмалар жойлаштирилган” деган аноним хабар олинганидан сўнг қабул қилинган.
“Йўловчилар ва ходимлар хавфсизлиги биз учун энг муҳим устуворликдир. Шу сабабли, барча йўналишлардаги поездлар ҳаракати хавфсизлик текширувлари якунлангунча вақтинча тўхтатилди”, дейилади темирйўл компанияси расмий сайтида.
Сербия Ички ишлар вазирлиги билан ҳамкорликда бутун темирйўл тармоғида кенг қамровли текширув ишлари олиб борилмоқда. Ҳозирча портловчи қурилмалар ёки реал хавф аниқлангани ҳақида маълумот берилмаган.
Таҳдид туфайли нафақат ички, балки халқаро йўналишлар ҳам тўхтаган. Шу жумладан, Белград–Бар (Черногория) линиясида поезд қатнови бекор қилиниб, йўловчилар вақтинча автобуслар орқали ташилмоқда.
Расмийлар йўловчиларга расмий сайт ва ижтимоий тармоқлари орқали сўнгги янгиликларни кузатиб боришни тавсия қилмоқда.







