Туркия Ўзбекистон учун электрон виза жорий этиши мумкин
Бу ҳужжат тўплаш ва ариза беришни анча енгиллаштиради.

Туркия Ички ишлар вазирлигида ўтган учрашув пайтида вазир ўринбосари Меҳмет Ақташ икки давлат ўртасидаги стратегик шериклик изчил ривожланаётганини таъкидлади. Суҳбат чоғида Ўзбекистон фуқароларига тегишли бир қатор янги имкониятлар муҳокама қилинди.
Хусусан, турк томони қуйидагиларни амалга оширишни кўриб чиқмоқда:
— Иш визасини олиш жараёнини янгилаш. Ўзбекистон фуқаролари учун меҳнат визасини электрон тарзда расмийлаштириш тизими жорий этилиши мумкин. Бу ҳужжат тўплаш ва ариза беришни анча енгиллаштиради.
— Туркияда қонуний мақомни жойида расмийлаштириш имкони. Мамлакатда бошқа мақсадда бўлиб турган ўзбекистонликлар Туркияни тарк этмасдан туриб ишлаш рухсатномасини олишлари мумкинлиги муҳокама қилинмоқда.
— Ноқонуний миграцияни тартибга солиш. Икки давлат ўзаро маълумот алмашишни кучайтириш ва қонун бузган фуқароларни аниқлаш учун ягона электрон реестр яратиш устида ҳамкорлик қилади.
Шунингдек, икки мамлакат Ички ишлар вазирликлари ўртасида ноқонуний миграцияга қарши кураш ва фуқароларни ташкил этилган ҳолда қайтариш жараёнларини тизимлаштирувчи меморандум тайёрланаётгани қайд этилди.
Туркия Ташқи ишлар вазирлигидаги алоҳида учрашувда эса вазир ўринбосари Муса Кулакликая Туркия ва Ўзбекистонни умумий тарих, маданият ва диний яқинлик боғлаб тураётганини таъкидлади. Томонлар сиёсий, иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳалардаги алоқаларни кенгайтиришга қаратилган ўзаро қизиқиш мавжудлигини тасдиқлашди.
Музокараларда меҳнат миграцияси йўналишидаги ҳамкорлик узоқ муддатли истиқболга эга экани алоҳида таъкидланди.







