Германияда парранда гриппининг одамга мослашаётган штамми аниқланди
Сўнгги икки ойда ярим миллиондан ортиқ парранда йўқ қилинди.

Германияда парранда гриппининг одамларга мослашиш хавфи ортиб бораётган янги штамми қайд этилди. Натижада мамлакатнинг бир нечта ҳудудларида паррандачилик хўжаликларига нисбатан чеклов ва карантин чоралари кучайтирилди. Бу ҳақда Bild газетаси хабар берди.
Маълумотларга кўра, сентябрь ойидан буён Германиянинг турли ҳудудларида кўплаб ёввойи қушлар ўлик ҳолда топилган. Вирус ҳозирга қадар 16 та федерал ернинг 9 тасида аниқланган.
Охирги икки ой ичида ўта юқумли H5N1 штамми тарқалиши туфайли ярим миллиондан ортиқ паррандалар йўқ қилинди. Энг кўп ҳолатлар Қуйи Саксонияда қайд этилган бўлиб, мазкур ҳудуддаги 13 та паррандачилик хўжалигида инфекция тасдиқланган.








