Испанияда чўчқа организмига инсон буйраги ҳужайралари кўчирилди
Тажриба муваффақиятли якунланиб, имплантлар ҳайвон танасига мослашган.

Испанияда олимлар чўчқа танасига инсон буйраги ҳужайраларидан яратилган органоидларни кўчириб ўтказди. Трансплантация муваффақиятли кечди ва имплантация қилинган органоидлар ҳайвон организмига мослашди.
Қайд этилишича, Каталония Биоинженерия институти мутахассислари инсон органларининг миниатюрадаги прототиплари — органоидларни яратишнинг янги усулини ишлаб чиққан. Мазкур инновацион ёндашув биоматериалларнинг функционал хусусиятларини сақлаган ҳолда уларни буйрак тўқималарига имплантация қилиш имконини беради.
Тадқиқот жараёнида олимлар чўчқа организмида инсон буйраги аналогларини жойлаштириш учун зарур биологик муҳит яратишга эришди. Натижада органоидлар танага мослашди, рад этиш реакциялари кузатилмади ва ҳайвон ички органларининг фаолияти аввалгидек давом этди.
Мутахассислар ушбу ютуқ келажакда трансплантология ва регенератив тиббиёт соҳасида янги имкониятлар яратиши мумкинлигини таъкидлашмоқда.







