Москвада 12 мингдан ортиқ иммиграция қоидабузарлиги аниқланди
2700 нафар хорижликка нисбатан Россиядан маъмурий чиқариб юбориш тўғрисида қарор қабул қилинган.

Россия пойтахтида «Нолегал-2025» тезкор-профилактика тадбирининг иккинчи босқичи доирасида миграция тартиб-қоидаларига риоя этилиши бўйича кенг қамровли текширувлар ўтказилди. Бу ҳақда Россия Ички ишлар вазирлиги Москва шаҳар бўйича Бош бошқармаси матбуот хизмати раҳбари Владимир Васенин маълум қилди.
Расмий маълумотларга кўра, рейдлар давомида иммиграция қонунчилигининг 12 мингдан ортиқ бузилиши аниқланган. Шундан 8,3 мингдан ортиқ хорижлик кириш-чиқиш тартибини бузганлик учун, 1000 нафардан зиёди эса меҳнат фаолияти қоидаларига амал қилмагани учун маъмурий жавобгарликка тортилди.
Шунингдек, хорижликларни ноқонуний равишда ишга қабул қилиш билан боғлиқ 1400 дан ортиқ ҳуқуқбузарлик аниқланиб, иш берувчиларга нисбатан чоралар кўрилди.
Тадбирлар жараёнида жамоат жойлари, озиқ-овқат муассасалари, ётоқхоналар ҳамда қурилиш объектларида кенг кўламли текширувлар амалга оширилди. Натижада федерал даражада қидирувда бўлган ёки турли ҳуқуқий чоралар кўрилиши лозим бўлган 155 нафар шахс аниқланган.
Текширув якунларига кўра, 2700 нафар хорижликка нисбатан Россия Федерациясидан маъмурий чиқариб юбориш тўғрисида қарор қабул қилинган, шундан 1300 нафардан ортиғи вақтинча сақлаш изоляторларига жойлаштирилган, 803 нафар чет эл фуқароси давлат чегарасидан мажбуран олиб чиқилган, 43 нафари депортация қилинган ва қўшимча равишда 6000 нафар хорижликнинг Россияга кириши тақиқланган.







