Теҳрон сув инқирози ёқасида: Эрон пойтахти икки ҳафта ичида сувсиз қолиши мумкин
Тарихий қурғоқчилик натижасида Амир Кабир тўғони сув захираси кескин камайиб, пойтахт аҳолиси жиддий хавф остида қолмоқда.

Эрон пойтахти Теҳрон ҳозирда сув таъминоти бўйича кескин инқироз ёқасида турибди. Al Jazeera хабарига кўра, шаҳарга ичимлик суви етказиб берадиган бешта тўғондан бири — Амир Кабир тўғони — атиги 14 миллион куб метр сувни ўзида сақламоқда. Бу эса тўғон сиғимининг бор-йўғи 8 фоизини ташкил этади. Мутахассисларнинг огоҳлантиришича, бундай ҳажмда тўғон фақат икки ҳафта давомида сув етказиб бера олади.
Мамлакатда сўнгги ўн йилликлардаги энг кучли қурғоқчилик кузатилмоқда. Ўтган ой Теҳронда деярли ёғингарчилик бўлмаган, бу эса сув манбаларининг кескин камайишига сабаб бўлган. Бир йил аввал Амир Кабир тўғонида 86 миллион куб метр сув сақланаётган бўлса, ҳозир бу миқдор қарийб 100 фоизга камайган.
Тахминан 10 миллион аҳолига эга Теҳрон кунига уч миллион куб метр сув истеъмол қилади. Сўнгги ҳафталарда сувни тежаш мақсадида айрим туманларда сув таъминоти вақтинча узилиб турибди. Аҳоли орасида сув танқислиги сабабли норозилик кучаймоқда, ҳукумат эса муаммони бартараф этиш учун фавқулодда чоралар кўрмоқда.
Мутахассислар фикрича, сув танқислиги нафақат қурғоқчилик, балки ер ости сувларидан ҳаддан ташқари фойдаланиш, нотўғри бошқарув ва иқлим ўзгаришининг кучайиши билан ҳам боғлиқ. Худди шундай муаммо қўшни Ироқда ҳам кузатилмоқда — бу мамлакатда Дажла ва Фурот дарёларидаги сув сатҳи 27 фоизга пасайиб, жиддий гуманитар инқирозга сабаб бўлган.







