Антониу Гутерриш: “Журналистлар жим бўлса, жамият овози йўқолади”
ЮНЕСКО ҳисоботига кўра, охирги икки йилда 163 нафар журналист ҳалок бўлган, бироқ қотилликларнинг аксарияти очилмай қолмоқда.

Журналистларга нисбатан содир этилган қотилликларнинг аксарияти ҳанузгача очилмай қолмоқда. Бу ҳақда БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш 2 ноябр — Журналистларга қарши жиноятлар учун жазосизликка барҳам бериш халқаро куни муносабати билан йўллаган мурожаатида маълум қилди.
ЮНЕСКО маълумотларига кўра, 2023 йил августидан 2025 йил май ойигача бўлган даврда 163 нафар журналист ҳалок бўлган. Улардан 109 нафари қуролли можаро ҳудудларида, жумладан, Ғазо, Судан ва Украинада ҳалок бўлгани қайд этилди. Энг кўп қурбонлар қуйидаги ҳудудларда рўйхатга олинган:
- Араб давлатлари – 82 нафар
- Лотин Америкаси ва Кариб ҳавзаси – 34 нафар
- Осиё ва Тinch океани минтақаси – 30 нафар
- Европа ва Шимолий Америка – 12 нафар
БМТ қайд этишича, қотилликлар сони 2022 йилга нисбатан бироз камайган бўлса-да, жазосизлик даражаси ўта юқорилигича қолмоқда — жиноятларнинг 85 фоизида айбдорлар жавобгарликка тортилмаган.
Жазосизлик энг кўп Яқин Шарқ ва Шимолий Африка минтақасида кузатилмоқда. Бунинг асосий омиллари сифатида суд тизимининг заифлиги, коррупция ва сиёсий иродасизлик тилга олинди.
Бош котиб Гутерриш журналистларга қарши ҳужумлар демократия ва сўз эркинлигига бевосита зарба эканини таъкидлади. У Ғазо секторида журналистларнинг ўлдирилишини кескин қоралаб, халқаро ОАВ вакилларининг можаро ҳудудларига киришининг чекланишини “мутлақо қабул қилиб бўлмайдиган ҳолат” деб баҳолади.
Шунингдек, 2023 йилдан бери дунё бўйлаб 1100 дан ортиқ журналист ҳибсга олинган, уларнинг қарийб ярми ҳозир ҳам қамоқда сақланмоқда. Энг кўп ҳибсга олиш ҳолатлари Беларусь, Хитой, Исроил, Мьянма ва Россияда қайд этилган.
БМТ ва ЮНЕСКО халқаро ҳамжамиятни журналистларнинг касбий фаолиятини эркин, босим ва таҳдидларсиз амалга ошириши учун уларни ҳимоя қилишга чақирди.
“Журналистлар жим бўлганда — жамият ҳам ўз овозини йўқотади”, — деди Гутерриш.







