Илҳом Алиев: “Озарбайжонларнинг Арманистонга қайтиши ҳеч кимни қўрқитмаслиги керак”
Озарбайжон раҳбари Озарбайжон халқи яшаган барча мамлакатларда давлат қурилиши ва ривожланишига ҳисса қўшиб келганини қайд этди.

Озарбайжон Президенти Илҳом Алиевнинг таъкидлашича, озарбайжонларнинг ҳозирги Арманистон ҳудудига қайтиши арман халқи ёки давлатида хавотир уйғотмаслиги лозим. Бу фикрни у Озарбайжон Миллий Фанлар Академиясининг 80 йиллигига бағишлаб ўтказилган тадбирдаги нутқида билдирди. Мазкур баёнот AZERTAC томонидан келтирилди деб хабар берди РБС нашри.
Давлат раҳбари Озарбайжон халқи яшаган барча мамлакатларда давлат қурилиши ва ривожланишига ҳисса қўшиб келганини қайд этди.
“Озарбайжонлар ҳеч қачон сепаратизм касаллигига чалинмаган. Бугун ҳам биз ҳеч бир давлатга ёки халқга муаммо туғдирмаганмиз. Шунинг учун озарбайжонларнинг ҳозирги Арманистонга қайтиши арман халқини ёки арман давлатини қўрқитмаслиги керак. Биз тарихий ерларимизга танкларда эмас, балки тинч йўл билан, машиналарда қайтишимиз керак”, — деди Алиев.
Президент шунингдек, аввалги чиқишларида ҳозирги Арманистон ҳудуди тарихан Озарбайжонга тегишли бўлганини бир неча бор таъкидлаганини эслатиб ўтди. Хусусан, 2018 йилда у озарбайжон халқининг ўз тарихий ерларига, жумладан, Ереванга қайтиши зарурлигини қайд этган, 2017 йилда эса Тоғли Қорабоғ ва Арманистонни “тарихий Озарбайжон ерлари” деб атаган эди.
Маълумот учун, 2023 йилда Озарбайжон Қорабоғда ҳарбий амалиёт ўтказган, натижада минтақа тўлиқ Боку назоратига ўтган. Ҳаракатлар ортидан Қорабоғда яшаган арман аҳолининг кўпчилиги Арманистонга кўчиб ўтган.
Амалиётдан сўнг Арманистон Қорабоғни Озарбайжоннинг бир қисми сифатида тан олишга рози бўлди. Тинчлик битими бўйича музокаралар фаоллашди ва 2025 йил 8 август куни Арманистон ҳамда Озарбайжон ташқи ишлар вазирлари АҚШ Президенти Доналд Трамп иштирокида Оқ уйда тинчлик келишуви лойиҳасини имзолади.








