Исроил Ливанга яна зарба берди
Ҳужум оқибатида икки киши ҳалок бўлган, етти киши жароҳатланган.

Кеча, 3 ноябрь куни Исроил Ливан жанубидаги икки шаҳарга ҳужум қилди. Ҳужум оқибатида икки киши ҳалок бўлган, етти киши жароҳатланган. Al Jazeera нашрининг ёзишича, ҳужум Исроилнинг Ҳизбуллоҳ нишонларига қарши ҳужумларни кучайтириш ҳақидаги огоҳлантиришидан бир кун ўтиб содир бўлган.
Ливан соғлиқни сақлаш вазирлиги душанба куни берган маълумотга кўра, Набатия вилоятидаги Дувейир шаҳрига уюштирилган Исроил зарбаси бир кишининг ўлимига, етти кишининг яраланишига сабаб бўлган.
Яна бир ҳужум Бинт Жубайл туманидаги чегара шаҳарчаси — Айт аш-Шаабда содир бўлиб, у ерда ҳам бир киши ҳалок бўлган.
Ливаннинг Миллий Ахборот Агентлиги (ННА) хабарига кўра, Дувейирда Исроил кучлари машинага учта ракета йўллаган. Портлашдан келиб чиққан ёнғин атрофдаги автомобиллар ва савдо марказига тарқалган.
Исроил баёнотига кўра, ҳужумлар натижасида Ҳизбуллоҳнинг махсус “Радвон” бўлинмаси командири деб айтилаётган Муҳаммад Али Ҳадид ўлдирилган.
Исроилга кўра, У Набатия ҳудудидада Ҳзибуллоҳ инфратузилмасини қайта тиклашга урингани учун ўлдирилган. Исроил томонининг айтишича, Айт аш-Шаабдаги яна бир “Ҳизбуллоҳ” аъзоси “Исроил аскарлари ҳақида маълумот тўплашга урингани” пайтида ўлдирилган.
Сулҳ бузилди
Исроил ва Ҳизбуллоҳ томонидан 2024 йил; ноябрь ойида тузилган ўт очишни тўхтатиш келишуви фонида Исроил армияси ҳужумлари содир бўлмоқда. Ушбу сулҳ бир йилдан ортиқ давом этган чегара тўқнашувларини тўхтатишга қаратилган эди. Аммо сўнгги кунларда Исроил расмийлари ҳарбий амалиётларни янада кучайтиришни ваъда қилмоқда.
Якшанба куни Исроил мудофаа вазири Исроил Катс Ҳизбуллоҳ ўзи билан ўйнаётган оловнинг жиддийлигини тушунмаяпти” деб айтди ва Ливан президенти “гуруҳни жиловлаш бўйича етарли чора кўрмаяпти”,- дея танқид қилди.
Ҳизбуллоҳ Халқаро босим ортмоқда
Узоқ давом этаётган урушдан чарчаган Ҳизбуллоҳ халқаро босим остида қуролсизланишга чақирилмоқда. АҚШ Ливанни Исроил билан бевосита музокаралар ўтказишга ундамоқда. АҚШ махсус элчиси Том Баррак Вашингтон “томонлар ўртасида музокараларни рағбатлантиряпти”, деб баёнот берган.
Ливаннинг соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, шанба куни Набатияда амалга оширилган Исроил ҳужумлари натижасида тўрт киши ҳалок бўлган.
Президент Жозеф Аун эса Исроилни “тинчлик ташаббусларига бомба билан жавоб бераётганликда” айблади.
Янги уруш хавфи
Исроил ҳужумларининг ортиши билан, Исроил ва Ҳизбуллоҳ ўртасида янги кенг кўламли тўқнашув бошланиши мумкинлигидан хавотир кучаймоқда. Амалдаги сулҳ эса тобора ўз аҳамиятини йўқотаётгандек.







