Афғонистонда бурқасиз аёлларнинг давлат идораларига кириши тақиқланмоқда
UNAMA маълумотига кўра, айрим вилоятларда аёллар шифохоналарга ҳам киритилмаяпти.

“Толибон” ҳаракати томонидан қабул қилинган янги тартибга кўра, бурқа кийган аёлларгина давлат идораларига кириш ҳуқуқига эга бўлиши белгиланди. Бу ҳақда Hasht-e Subh Daily нашри манбаларга таяниб хабар берди.
Маълумотларга кўра, сўнгги кунларда бир қатор давлат органларида аёлларнинг бурқасиз ҳолда бинога кириши чекланган. Жумладан, Аҳолини рўйхатга олиш идораси, Таълим вазирлиги ҳамда Қамоқхоналар бош бошқармаси биноларида мазкур тақиқ кузатилган. Хусусан, Ҳирот вилоятида камида 50 нафар аёлнинг вилоят таълим бошқармасига киришига йўл қўйилмагани билдирилмоқда.
Айни чоралар ҳозирча Афғонистоннинг бир неча вилоятларида амалиётга татбиқ этилган. Манбаларнинг қайд этишича, ушбу қарор аёлларни бурқа кийишга мажбурлашга қаратилган.
БМТнинг Афғонистондаги ёрдам миссияси (UNAMA) томонидан тақдим этилган сўнгги ҳисоботда, Кунар, Қандаҳор ва Хост вилоятларида бурқасиз аёлларнинг шифохоналарда тиббий хизматдан фойдаланиши ҳам чеклангани таъкидланган. Шунингдек, тиббиёт муассасалари ходимларига ҳижоб тақмаган аёл беморларни қабул қилмаслик бўйича огоҳлантириш берилган.
Бундан ташқари, аёлларнинг шифохона ва тиббиёт марказларига киришида ҳам бир қатор чекловлар кучайтирилган. Афғонистонда қизларнинг юқори синфларда таълим олиши ҳамда олий таълим муассасаларида ўқиши тақиқланиб қолмоқда. Акушерлик ва ҳамширалик йўналишида таҳсил олаётган талабаларга дарсларга бормаслик топшириғи берилгани оқибатида уларнинг таълимни давом эттириш имконияти чеклаб қўйилган.







