“Дунё океанларида миллиард баррель нефть тўпланиб қолган” — Bloomberg
Санкциялар ва транспорт чекловлари сабабли Россия, Венесуэла ва Эрон нефти денгиз танкерларида узоқ вақт сақланиб қолмоқда.

Bloomberg агентлигининг маълумот беришича, ёз ойларидан буён дунё океанларида танкерлар ичида сақланаётган нефть ҳажми кескин ортиб, бир миллиард баррелга етган. Таҳлилларга кўра, ушбу нефть захирасининг қарийб 40 фоизини Россия, Венесуэла ва Эрон ёки келиб чиқиши ноаниқ нефть ташкил этади.
Агентликка кўра, танкерлар ичидаги нефтнинг асосий қисми Россияга тегишли. Сўнгги ҳафталарда Москва ОПEК келишувлари доирасида қазиб олиш ҳажмини оширгани туфайли денгиз орқали экспорт кўлами ҳам кенгайган. Шу билан бирга, Украина ҳужумлари хавфи сабабли Россия нефти айрим ҳолларда қайта ишлаш заводларидан экспорт терминалларига йўналтирилган бўлиши мумкин.
Ғарб давлатларининг санкциялари таъсирида кўплаб портлар Россия нефтини ташиётган танкерларни қабул қилмаяпти. Блоомберг маълумотларига кўра, октябрь охирига келиб, танкерлар ичида сақланаётган Россия нефти ҳажми қарийб 390 миллион баррелга етган.







