АҚШ “уруш” бошлаганини эълон қилди
Операция АҚШ Қуролли кучлари ва Жанубий қўмондонлик бошчилигида олиб борилмоқда.

АҚШ Уруш вазири Пит Ҳегсет Ғарбий яримшарда наркотеррористларга қарши “Southern Spear” (Жанубий найза) номли ҳарбий операция бошланганини эълон қилди. Операция АҚШ Қуролли кучлари ва Жанубий қўмондонлик бошчилигида олиб борилмоқда. Вазирнинг маълум қилишича, миссия наркотеррористларни ҳудуддан чиқариб, халқни зарарли наркотиклардан ҳимоя қилишга қаратилган.
Олдинроқ, АҚШнинг энг йирик авиация кемаси USS Gerald R. Ford Лотин Америкаси ва Кариб денгизи ҳудудига етиб бориб, минтақадаги ҳарбий мавжудликни кучайтирди. Кеманинг бортида 4 мингдан ортиқ ҳарбий хизматчи, зарба берувчи самолётлар ва ҳарбий вертолётлар мавжуд.
АҚШ Қуролли кучлари сентябрдан буён Венесуэладаги денгиз нишонларига зарбалар бериб келмоқда. Операция доирасида наркотрафикка алоқадор объектларга зарба бериш, юқори мартабали шахсларни қўлга олиш ёки тўлиқ миқёсли ҳарбий ҳаракатлар режалаштирилган.
АҚШнинг расмий баёнотида таъкидланишича, барча ҳаракатлар наркотрафикка қарши кураш мақсадида амалга оширилмоқда ва Ғарбий яримшарда мамлакат хавфсизлигини таъминлашга қаратилган.







