Telegram бир суткада рекорд даражада кўп канални блоклади
Йил давомида ўчирилган каналлар сони 34,9 миллиондан ошди.

Telegram 13 ноябрь куни 519 645 та канални блоклаганини маълум қилди. Бу кўрсаткич платформа томонидан бундай статистика юритила бошлаганидан бери қайд этилган энг юқори натижа ҳисобланади.
Компанига кўра, блокировка қилинган каналлар сони бўйича аввалги рекорд жорий йил февраль ойида кузатилган бўлиб, ўшанда бир суткада тахминан 500 минг канал ўчириб ташланган эди. Telegram блокировка статистикаси 2023 йил охиридан бошлаб мунтазам равишда шакллантирилиб келмоқда.
Маълумотларга кўра, йил бошидан буён мессенжер маъмурияти жами 34,9 миллиондан ортиқ канал ва гуруҳларни блоклаган. Шундан 856 мингдан ортиғи болаларга нисбатан зўравонлик тасвирларини тарқатган, 207 мингдан ортиғи эса террористик фаолият билан боғлиқ гуруҳ сифатида аниқланган.
Telegram фойдаланувчиларга зарарли контент ҳақида дарҳол хабар бериш имконини беради. Постни босиб туриш орқали “шикоят қилиш” менюси очилади ва исталган қоидабузарлик тури бўйича мурожаат юбориш мумкин.
Платформага кўра, зўравонликка ундаш, болаларга зарар етказиш, ноқонуний маҳсулот савдоси, фирибгарлик, шахсий маълумотларни тарқатиш, спам ва муаллифлик ҳуқуқини бузиш билан боғлиқ контент шикоятлар асосида ўчирилади. Шунингдек, “қонунни бузмайди, лекин ўчирилиши керак” деган алоҳида тоифа ҳам мавжуд.
Telegram'нинг модерация механизми 2015 йилдан буён фойдаланувчи шикоятлари ва машинани ўрганиш технологияларини бирлаштирган ҳолда фаолият юритади. 2024 йил бошида тизим сунъий интеллект асосидаги илғор воситалар билан кенгайтирилди.
Мессенжер асосчиси Павел Дуровнинг Парижда ҳибсга олиниши модерация сиёсати бўйича халқаро баҳс-мунозараларга сабаб бўлганди. Ҳибсга олиш Telegram'нинг контентни етарлича назорат қилмаслиги ҳамда Франция ҳуқуқ-тартибот органлари билан ҳамкорлик қилмаганлик эҳтимоли бўйича тергов доирасида амалга оширилган.
Шундан сўнг платформанинг модерация сиёсати янгиланди. Павел Дуровнинг айтишича, Telegram 2018 йилдан бери қонуний сўровларга жавобан жиноятчиларнинг IP-манзиллари ва телефон рақамларини ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга тақдим этиб келади.







