Трамп маъмурияти визани рад этиш шартларини кенгайтирди
АҚШ Давлат департаменти виза бериш тартибини янгилаб, саратон, семириш, диабет каби касалликларни рад этиш омиллари қаторига киритди.

АҚШ Давлат департаменти виза бериш мезонларини янгилаб, саратон, семириш, диабет, юрак-қон томир касалликлари ва бошқа бир қатор тиббий ҳолатларни аризага салбий таъсир кўрсатиши мумкин бўлган омиллар қаторига киритди. The Washington Post ёзишича, дипломатик ваколатхоналарга юборилган 6 ноябрдаги йўриқномада ушбу шахслар келажакда давлат молиявий ёрдамига муҳтож бўлиш эҳтимоли туфайли “потенциал юк” сифатида баҳоланиши мумкинлиги қайд этилган.
Кўрсатмада виза беришда аризачининг ёши, соғлиққа оид ҳолати, қарамоғидаги шахслар сони, уларнинг махсус эҳтиёжлари ёки ногиронлиги каби мезонлар ҳам ҳисобга олиниши белгиланган. Шунингдек, аризачининг АҚШда бўлиш даври давомида давлат ҳисобидан тиббий хизматга муҳтож бўлмасдан, зарур даволаниш харажатларини мустақил қоплаш имконияти мавжудлиги текширилиши шартлиги таъкидланган.
Давлат департаменти мансабдорларига кўра, ҳужжат одатий экспертлар томонидан баҳоланиш жараёнидан ўтмаган ҳолда сиёсий раҳбарият томонидан тайёрланган. Мутахассислар фикрича, янги тартиб иммиграцион ва ноиммиграцион визаларга бирдек тааллуқлидир ҳамда кўпроқ доимий яшаш истагидаги шахслар учун кескин таъсир кўрсатиши мумкин.
Оқ уй маълумотига кўра, бу сиёсат “солиқ тўловчилар зиммасига ортиқча молиявий юк тушишини олдини олиш”га қаратилган. Президент Доналд Трамп маъмурияти ушбу сиёсатни тўлиқ кучга киритаётганини билдирган. Сўнгги ойларда АҚШ иммиграция қоидаларини янада қатъийлаштириб, визага мурожаат қилиш жойи бўйича чекловлар, айрим давлатлар фуқаролари учун қўшимча тартиблар ҳамда янги тўловлар жорий этди.







