Мисрлик аёл бир вақтнинг ўзида тўққиз фарзандга ҳомиладор бўлди
Мутахассислар бундай ҳолат она ва ҳомила учун жуда юқори хавф туғдиришини таъкидлашмоқда.

Мисрда тиббиёт жамоатчилигини ҳайратга солган жуда кам учрайдиган ҳолат қайд этилди. УЗИ текшируви давомида бир аёлнинг бирданига тўққиз нафар болага ҳомиладор экани аниқланган. Бу ҳақда “Al-Arabiya” хабар берди.
Шифокорларнинг айтишича, ушбу ноодатий ҳомиладорликка тухумдон фаолиятини рағбатлантирувчи дори воситаларидан назоратсиз фойдаланиш сабаб бўлган бўлиши мумкин. Мутахассислар бундай ҳолат она ва ҳомила учун жуда юқори хавф туғдиришини таъкидлашмоқда.
Мазкур ҳолат оила учун ҳам кутилмаган бўлиб, текширув натижалари эр-хотин ва шифокорларни ҳайратда қолдирган. Гинеколог Воил ал-Банно бунга бир нечта омиллар уйғунлашуви сабаб бўлганини, бундай ҳолат тиббиётда ниҳоятда ноёб учрашини қайд этди. Мутахассисга кўра, вақтида тиббий аралашув орқали ҳомилалар сонини камайтириш она саломатлигини ҳимоя қилади ва қолган болаларнинг ривожи учун энг яхши шароит яратади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қашқадарё вилоятининг Қарши шаҳрида тўрт эгизак қизалоқ дунёга келгани ҳақида хабар берилганди.







