Сергей Шойгуга нисбатан режалаштирилган суиқасднинг олди олинди
Суиқасд Шойгу қариндошлари қабрини зиёрат қилган вақтда амалга оширилиши режалаштирилган.

Россия Хавфсизлик кенгаши котиби Сергей Шойгуга қарши уюштирилиши режалаштирилган суиқасднинг олди олингани ҳақида “Московский комсомолетс” нашри манбаларга таяниб хабар берди.
Федерал хавфсизлик хизмати (ФХХ) 14 ноябрь куни Троекурово қабристонида юқори мартабали амалдорлардан бирига суиқасд уюштиришга уриниш фош этилганини маълум қилди. ФХХ баёнотида амалдорнинг исми очиқланмаган, бироқ ҳужум “Украина топшириғи билан” унинг яқин қариндошлари қабрини зиёрат қилган вақтида содир этилиши режалаштирилгани қайд этилган.
Тергов доирасида бир нечта шахс, жумладан эр-хотин қўлга олинган. Уларнинг кўрсатмаларига кўра, улар интернет орқали «Руслан» исмли шахс билан танишган ва унинг топшириғи билан қабристондаги бир қабр ёнига гул солинган гулдон қўйиб кетишлари керак бўлган. Гулдон ичида камера ва, тахминларга кўра, портловчи мослама бўлгани айтилмоқда. Вазифани бажариш эвазига уларга метадон берилиши ваъда қилинган.
Гумондорлар топшириқни бажаргач, уйларига қайтаётганида қўлга олинган.
Маълум қилинишича, Троекурово қабристонида Сергей Шойгунинг ота-онаси — Кужугет Сереевич ва Александра Яковлевна, шунингдек 2021 йилда вафот этган синглиси Лариса Шойгу дафн этилган. Онасининг вафот этган куни 12 ноябрь бўлиб, тахминларга кўра, суиқасд айнан шу санада амалга оширилиши режалаштирилган.
Қабристон ходимининг маълум қилишича, портловчи қурилмаларни аниқлаш бўйича мутахассислар масофадан бошқариладиган махсус тракторни айнан Шойгу ота-онаси қабр жойлашган майдонга йўналтирган. Хавфсизлик кенгаши ҳодиса юзасидан изоҳ беришдан бош тортган.








