Фарғона Давлат Университетида “Озарбайжон санъати ва адабиёти кунлари” доирасида бадиий концерт бўлиб ўтди
Ҳайдар Алиев номидаги Озарбайжон Маданият Маркази ташаббуси билан ўтказилган концертда машҳур солистлар, театр труппалари ва рақс ансамблларининг чиқишлари намойиш этилди. Тадбир Бахтиёр Ваҳобзоданинг 100 йиллигига бағишланди.

Озарбайжоннинг Ўзбекистондаги Элчихонаси ҳузурида фаолият кўрсатаётган Ҳайдар Алиев номидаги Озарбайжон Маданият Маркази ташаббуси билан ўтказилган “Озарбайжон санъати ва адабиёти кунлари” доирасида Фарғона Давлат Университетида кенг кўламли бадиий концерт дастури тақдим этилди.
Фарғона Давлат Университети ректори Баҳодиржон Шермаҳаматтов ўз нутқида Озарбайжон ҳар доим ўзбек халқига маънавий жиҳатдан яқин бўлганини, унинг маданияти, адабиёти ва санъати мамлакатда катта қизиқиш билан қарши олинишини билдириб ўтди. Ректор икки халқ ўртасидаги чуқур гуманитар ришталар бугунги кунда ҳам мустахкамланиб бораётганини, бундай тадбирлар талабаларнинг бир-бирининг маданий меросини янада чуқурроқ ўрганишига шароит яратишини таъкидлади. Шунингдек, у бундай ташаббуслар ёшлар ўртасида ўзаро ҳурмат ва маданий яқинлашувни кучайтиришини қўшимча қилди.
Акиф Марифлининг сўзларига кўра, Озарбайжон ва Ўзбекистон президентларининг узоқни кўзлаб олиб бораётган сиёсати натижасида шаклланиб, мустаҳкамланаётган иттифоқчилик гуманитар алоқалар ривожига кенг имкониятлар очмоқда. Унинг таъкидига кўра, амалга оширилаётган маданий лойиҳалар ушбу стратегик ҳамкорликнинг изчил давомидир. Тадбирнинг Халқ шоири Бахтиёр Ваҳобзоданинг таваллудининг 100 йиллигига бағишлангани эса алоҳида рамзий аҳамият касб этади. Марифлининг айтишича, Ваҳобзоданинг бой шеърий мероси Озарбайжон адабиёти ва бутун туркий дунё маънавий хазинасининг муҳим қисми бўлиб, умумий қадриятларнинг яшашига хизмат қилади.
Концерт дастури Озарбайжон Давлат Академик Опера ва Балет театри солистлари Ўрхон Жалилов ва Равона Амирасланли томонидан юксак маҳорати билан ижро этилган вокал чиқишлари билан очилди. Уларнинг ижролари Озарбайжон мусиқасининг ohангдор теранлиги, классик вокал мактабининг қудрати ва саҳна маданиятини тингловчиларга маҳорат билан етказиб берди. Солистларнинг чиқишлари залда юқори ҳиссий муҳит яратиб, концертга кучли бадиий руҳ бағишлади ва томошабинлар томонидан самимий олқишлар билан қарши олинди.
Тадбирда Озарбайжон Маданият Марказининг “Хари Булбул” театр труппаси ҳам бой дастур билан чиқиш қилди. Труппа Узeйир Ҳожибайлининг машҳур “Аршин мал алан” номли классик опереттасидан турли лавҳаларни саҳнада жонлантирди. Шундан сўнг жамоавий “Қайнона” спектаклидан турли лавҳалар намойиш этилди. Театр чиқишлари миллий саҳна анъанасининг ҳазил, динамика ва колоритини, озарбайжонлик саҳна усталарининг табиий ифода услубини ёрқин намоён этди.
Концерт дастурида Озарбайжон Маданият Марказининг “Қорабоғ зафари” рақс ансамбли ҳам мароқли чиқишлари билан саҳнага жон бахш этди. Ансамбль миллий рақс санъатининг ўзига хос пластикаси, ритмик бойлиги ва образли ифода услуби билан томошабинлар эътиборини тўлиқ забт этди. Рақсларнинг композицион яхлитлиги ва миллий ранглар уйғунлиги тадбир иштирокчилари томонидан оёвсиз олқишлар билан қарши олинди.
Озарбайжон мусиқаси, театри ва рақс санъати намойиш этилган ушбу концерт Фарғона жамоатчилигида юксак маданий таассурот қолдириб, “Озарбайжон санъати ва адабиёти кунлари”нинг энг ёрқин бадиий воқеаларидан бири бўлди.







