“Мирзачўл” инновацион қишлоқ хўжалиги мактаби ташкил қилинади
Бутун республикадаги минг нафар фермер ушбу мактабда чўл шароитида пахта етиштириш бўйича ўқитилади.

“Мирзачўл” кластери чўл ҳудудида пахта ҳосилида бу йил 50–55 центнердан ҳосил олди. Унга бирлаштирилган 27 нафар фермер эса ҳосилдорликни 85 центнергача етказди. Бу тажриба Президент Шавкат Мирзиёевнинг қишлоқ хўжалиги соҳаси ходимлари билан мулоқотида тилга олинди.
Ушбу тажрибани оммалаштириш мақсадида Мирзачўлда инновацион қишлоқ хўжалиги мактаби ташкил қилинмоқда. Бутун республикадан 1 минг киши фермер мактабида чўл шароитида пахта этиштириш бўйича ўқийди. Мактабни тамомлаган ва сертификат олган фермерларга рейтингда қўшимча 10 балл берилади.
Илғор фермерларни уста сифатида кам ҳосил олган фермерларга қўшиш орқали икки томонлама фойдали тизим жорий этилган. Устоз фермерлар шогирд фермерларга ўз тажрибасини ўргатиб, ҳосилни 50 центнердан орттиришга ёрдам берса, 5 миллион сўм мукофот олади.
Шунингдек, Аграр университетнинг 180 талаба дуал таълим асосида илғор кластер ва фермерларда ишлаб, агрономлик сирларини ўрганади. Ҳар бир талаба учун фермер ва кластер 5 миллион сўм олади, талабага эса 1,5 миллион сўм ажратилади. Тажриба ва кўникма орттирган ёш агрономлар қишлоқ хўжалигига ихтисослашган 167 туман корхоналарига йўналтирилади.
Ёш агрономлар ишлаб чиқариш корхоналарига янги технологиялар ва сифатли уруғларни жорий қилиши, ҳосилдорликни ошириш ва харажатларни камайтиришга кўмаклашиши режалаштирилган. Бунинг учун улар ойлик 2 минг доллар миқдорида таъминланади. Шу йўл билан агрономлик ёшлар учун жозибадор касблардан бирига айлантирилади.







