Самарқандда мармар тошлар орасига яширилган наркотик моддалар топилди
Хорижий фуқаро гиёҳвандлик воситаларини мармар тошлар орасига яшириб олиб кирган, маҳаллий фуқаролар эса уларни сотиш билан шуғулланган.

Республика миқёсида ўтказилаётган “Хавфсиз ва соғлом юрт” тезкор-профилактик тадбирлари доирасида гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланмасига қарши курашиш йўналишида Давлат хавфсизлик хизматининг Самарқанд вилояти бўйича бошқармаси, вилоят Ички ишлар бошқармаси ҳамда Божхона бошқармаси ходимлари ҳамкорлигида тезкор тадбир ўтказилди.
Ўтказилган тезкор тадбир давомида 1992 йилда туғилган хорижий давлат фуқароси, шунингдек, Самарқанд вилоятида истиқомат қилувчи, 1981 ва 1995 йилларда туғилган уч нафар Ўзбекистон Республикаси фуқароси қўлга олинди. Бу ҳақда ДХХ Zamon.uz’га хабар берди.
Аниқланишича, хорижий давлат фуқароси қурилишда фойдаланиладиган мармар тошлар орасига гиёҳвандлик воситаларини яширган ҳолда уларни мамлакат ҳудудига олиб кирган. Маҳаллий фуқаролар эса ушбу гиёҳвандлик воситаларини ноқонуний равишда сотиш билан шуғулланган.
Тезкор тадбир натижасида жами 37 килограмм 421 грамм “экстракцион опий” гиёҳвандлик воситаси ашёвий далил сифатида олиб қўйилди.
Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, уларга нисбатан “қамоқ” эҳтиёт чораси қўлланилган. Терговга қадар текширув ҳамда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.







