Наманганда 20 дан ортиқ болалар иштирокидаги яширин диний дарслар фаолияти тўхтатилди
Ҳолат Ижтимоий ҳимоя агентлиги томонидан назоратга олинди.

Ижтимоий тармоқларда Наманган вилоятида вояга етмаган болалар иштирокида ноқонуний диний таълим ташкил этилгани ҳақидаги хабарлар тарқалди.
Аниқланишича, йигирмадан ортиқ бола қатнашган мазкур яширин дарслар расмий диний таълимга эга бўлмаган 31 ёшли шахс томонидан ташкил этилган. Машғулотлар давомида у веб-сайтлар ва ижтимоий тармоқлардаги материаллардан фойдаланган ҳолда болаларга таълим берган.
Текширув жараёнида дарсларда 7 ёшгача бўлган 10 нафар бола, шунингдек, жорий ўқув йилида бирорта ҳам умумтаълим мактабига бормаган 13 нафар мактаб ёшидаги бола қатнашгани аниқланган. Айрим ота-оналар фарзандларининг ҳужжатларини бир мактабдан олиб, бошқа мактабга ўтказиш орқали болаларнинг мактабга бормаслигига шароит яратган.
Мазкур ноқонуний диний машғулотларни ташкил этган шахсга нисбатан жиноят иши қўзғатилган. Болаларнинг ота-оналари фарзандларини тарбиялаш ва таълим билан таъминлаш бўйича мажбуриятларини бажармаганликлари учун Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга мувофиқ жавобгарликка тортилган.
Дастлабки маълумотларга кўра, болаларнинг мактабга бормаётганини яшириш ҳолатларига йўл қўйган айрим мактаб маъмурлари ва ўқитувчилари ҳам белгиланган тартибда жавобгарликка тортилиши режалаштирилмоқда.
Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги томонидан ушбу ҳолат юзасидан ишчи гуруҳ тузилиб, масала тўлиқ назоратга олинди. Шу билан бирга, болаларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлаш мақсадида тегишли идоралар билан ҳамкорликда манзилли ишлар олиб борилмоқда.
Ҳозирда болаларни қонуний таълим тизимига қайтариш, уларнинг ижтимоий-психологик ҳолатини баҳолаш ҳамда ота-оналар билан профилактик тушунтириш ишлари амалга оширилмоқда.







