“Бу мени даҳшатга солди” - Путин Қобилжон ўлими бўйича Раҳмонга ҳамдардлик билдирди
Владимир Путин бу ҳақда МДҲ давлатлари раҳбарларининг норасмий саммити доирасида Тожикистон президенти Имомали Раҳмон билан алоҳида учрашувда маълум қилди.

Бугун, 22 декабрь куни МДҲ давлатлари раҳбарларининг норасмий учрашуви чоғида Россия президенти Владимир Путин Тожикистон президенти Имомали Раҳмонга тожикистонлик мактаб ўқувчисининг фожиали ўлими муносабати билан ҳамдардлик билдирди. Бу ҳақда ТАСС ахборот агентлиги хабар берди.
Путин ушбу жиноят уни чуқур ларзага солганини айтиб, болаларга қарши қаратилган зўравонлик ва террорчилик ҳаракатлари мутлақо кечириб бўлмас жиноят эканини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, ҳодиса бўйича тергов охирига етказилади ва айбдорлар муқаррар равишда жазоланади. Россия президенти ҳалок бўлган ўқувчининг оила аъзоларига ҳам ҳамдардлик изҳор этди.
“Болаларга нисбатан содир этилган бундай жиноятлар айниқса жирканч. Ҳеч қандай шубҳа йўқки, ушбу иш бўйича тергов тўлиқ ва адолатли олиб борилади”, — деди Владимир Путин учрашув давомида.
Ўз навбатида, Имомали Раҳмон Россия томонига тергов жараёнидаги ҳамкорлик ва эътибор учун миннатдорлик билдирди. У ҳозирги мураккаб даврда бундай жиноятлар жиддий хавотир уйғотаётганини қайд этиб, айбдор шахслар қатъий жазоланиши лозимлигини таъкидлади.







