“Келажак учун” форуми доирасида 100 дан ортиқ ташаббус келиб тушди
Ғолиб лойиҳалар молиялаштирилиб, республика миқёсида жорий этилади.

“Келажак учун” истиқболли ташаббуслар форуми қизғин паллага кирди. Қисқа вақт ичида kelajakuchun.gov.uz электрон платформаси орқали фуқаролардан 100 дан ортиқ таклиф ва ташаббуслар келиб тушди.
Мазкур ташаббуслар тадбиркорлик, рақамли технологиялар, энергетика, тиббиёт ва таълим, экология, сув хўжалиги ҳамда суд-ҳуқуқ соҳаларини қамраб олган бўлиб, уларнинг аксарияти амалий аҳамиятга эга ғоялар сифатида эътиборни тортмоқда.
Хусусан, Қашқадарё вилоятидан фуқаро А.Ж. ҳаво сифати ёмонлашган ҳудудларда ўрнатиш учун мўлжалланган “ақлли” ҳаво тозаловчи панеллар яратиш ташаббуси билан чиқди. Ушбу лойиҳа атроф-муҳит ҳолатини яхшилашга қаратилган инновацион ечим сифатида баҳоланмоқда.
Шунингдек, Навоий вилоятидан фуқаро Н.Ҳ. пахта ва ғалладон кам ҳосил олинадиган ер майдонларида тез ўсувчи ёғочбоп дарахт плантацияларини ташкил этиш лойиҳасини илгари сурди. Ташаббус муаллифининг фикрича, мазкур лойиҳа орқали даромадни 5 баробаргача ошириш, томчилатиб суғориш тизими орқали сув сарфини эса 5 баробарга камайтириш имконияти мавжуд.
Форум доирасида бундай қизиқарли ва истиқболли ташаббуслар кўплаб учрамоқда.
Эслатиб ўтамиз, “Келажак учун” истиқболли ташаббуслар форуми Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 14 июлдаги “Ислоҳотларни амалга оширишда истиқболли ташаббусларни янада қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ ташкил этилган.
Форум доирасидаги барча жараёнлар ишончли ва тизимли асосда амалга оширилмоқда. Хусусан, One ID орқали рўйхатдан ўтиш ташаббус муаллифларининг муаллифлик ҳуқуқини таъминлашга хизмат қилади.
Форумда ғолиб деб топилган лойиҳалар:
- Ўзбекистон Республикаси Президентига тақдимот қилинади;
- молиялаштирилади ва тижоратлаштирилади;
- бутун республика миқёсида жорий этилади.
Шунингдек, ташаббус муаллифлари:
- ўз салоҳиятини намоён этиш имкониятига эга бўлади;
- истиқболли кадрлар рўйхатига киритилади;
- 10 миллион сўмдан 50 миллион сўмгача бўлган пул мукофотлари билан тақдирланади.
Айни пайтда форумга ташаббуслар қабул қилиш давом этмоқда. Ҳеч бир фикр эътибордан четда қолмайди. Фуқаролар форумда фаол иштирок этишга чорланади. Батафсил маълумотлар kelajakuchun.gov.uz расмий сайтида мавжуд.








