Мен бўлмаганимда, Россия Украинани тўлиқ назорат қилган бўларди — Трамп
АҚШ президенти НАТО, Россия ва Украина бўйича кескин баёнот билан чиқди.

АҚШ президенти Доналд Трампнинг таъкидлашича, агар у жараёнга аралашмаганида, Россия аллақачон бутун Украинани назорат қилган бўларди. Бу ҳақда у Truth Social ижтимоий тармоғидаги саҳифасида ёзиб қолдирди.
Трампнинг билдиришича, унинг биринчи президентлик муддати бошланишидан аввал НАТОга аъзо давлатларнинг аксарияти мудофаага ялпи ички маҳсулотининг 2 фоизи ёки ундан кам қисмини ажратган, асосий молиявий юк эса АҚШ зиммасида бўлган. Унинг айтишича, айнан унинг ташаббуслари натижасида альянс доирасида мудофаа харажатлари бўйича талаблар 5 фоизгача оширилган ва бунга барча иттифоқчилар тез фурсатда рози бўлган.
“Мен бўлмаганимда, Россия ҳозир бутун Украинани назорат қилган бўларди. Мен саккизта урушни ёлғиз ўзим якунладим. Миллионлаб инсонларнинг ҳаёти сақлаб қолинди”, — дея ёзди Трамп.
Шунингдек, у НАТОнинг айрим аъзолари томонидан Нобел тинчлик мукофотига номзод сифатида кўрсатилмаганини танқид қилиб, бу ҳолатни аҳмоқлик деб баҳолади. Трампнинг сўзларига кўра, АҚШсиз Россия ва Хитой НАТОдан чўчимаган бўларди.
“Биз НАТОни ҳар доим қўллаб-қувватлашга тайёрмиз, ҳатто зарур пайтда улар бизни қўллай олмасалар ҳам. Бугун Россия ва Хитой ҳурмат қиладиган ва қўрқадиган ягона давлат — бу Трамп даврида қайта тикланган Америка Қўшма Штатларидир”, — деди у.







