Президент прокуратура органлари ходимлари ва фахрийларига табрик йўллади
Ўтган йилда 512 минг фуқаронинг ҳуқуқлари тикланди, 29 минг тадбиркор масаласи ҳал қилинди ва жиноятчилик даражаси қарийб 1,5 баробар камайтирилди.

Сўнгги йилларда мамлакатимизда прокуратура органлари фаолиятида катта ўзгаришлар амалга оширилди. Тизим ходимлари халққа яқин бўлиб, инсон қадри, ҳуқуқ ва эркинликларини, қонун устуворлиги ва адолатни бевосита жойларда таъминламоқда.
Ўтган йил давомида қарийб 512 минг нафар фуқаронинг бузилган ҳуқуқлари тикланди, 54 мингга яқин мурожаат, жумладан, салкам 29 минг тадбиркорнинг масаласи ечиб берилди. Шу билан бирга, қурилиш, ер ресурсларидан оқилона фойдаланиш, хотин-қизлар ва ёшларни тазйиқдан ҳимоя қилиш, ёқилғи-энергетика ва экология йўналишларида янги механизмлар жорий этилди.
Яширин иқтисодиётга қарши чоралар туфайли давлат буджетига 22,3 триллион сўм қўшимча тушум ундирилди, қурилиш соҳасида ортиқча харажатлар олди олинди ва маблағлар қўшимча ижтимоий инфратузилма объектларига йўналтирилди. Криминоген вазиятни таҳлил қилиш ва тизимли профилактика ишлари натижасида маҳаллаларда жиноятчилик даражаси қарийб 1,5 баробар камайтирилди.
Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти томонидан ўтган даврда 10 мингдан зиёд ҳуқуқбузарлик ва жиноятга чек қўйилди, давлат ва жамият манфаатларига етказилган 1 триллион 800 миллиард сўм зарар ундирилди, 13 мингдан ортиқ шахснинг фаолияти легаллаштирилиб, улар тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтказилди.
Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академиясида Рақамли криминалистика илмий-тадқиқот институти ва кибержиноятларга қарши махсус тузилма ташкил этилди. Бу илмий ва технологик ёндашувлар орқали жиноятчиликни аниқлаш ва малакали кадрлар тайёрлаш имконини беради.
Президент прокуратура ходимларини фаолиятларида самарадорликни ошириш, тергов жараёнларини рақамлаштириш, коррупцияга қарши курашда очиқликни кучайтириш ва халқимиз ишончига содиқ қолишда давом этишга чақирди.
Президент Шавкат Мирзиёев барча ходимларга мустаҳкам соғлиқ, фаолиятларида ютуқлар, хонадонларига тинчлик ва барака тилади.







