Жиззахда қора “Tracker”ларга ов бошлангани айтилмоқда
МИБ қора “Tracker”ларнинг жарима майдонига жойлаштирилаётганига изоҳ берди.

Фуқаролик муносабатлари кенгайиб бораётган бир пайтда, суд ва бошқа ваколатли органлар қарорлари асосида ижро ҳужжатлари сони ортиб бораётгани табиий. Ижро ҳужжатлари Мажбурий ижро бюроси иш юритувига келиб тушгандан сўнг, давлат ижрочилари томонидан қонуний мажбурий ижро ҳаракатлари амалга оширилади.
Қарздорлик қарздорнинг мулкига қаратилган тақдирда, ушбу мулкни яшириш қонун билан тақиқланади ва бу жиддий ҳуқуқий оқибатларга олиб келади.
Жиззах вилоятида айрим қарздорлар давлат ижрочисининг қонуний талабларини бажармасдан, ўзларига тегишли автотранспорт воситаларини яширишга уринган. Аммо натижа ўзини куттирмади: ижро ҳужжатларига асосан 4 та ҳолатда “Tracker” русумли автотранспорт воситалари аниқланиб, жарима майдонларига жойлаштирилди.
Келгусида ушбу автотранспортлар аукцион савдолари орқали сотилиб, тушган маблағлар ижро ҳужжатлари бўйича мавжуд қарздорлигини қоплашга йўналтирилади.







