Шавкат Мирзиёев Исломободдаги теракт муносабати билан таъзия йўллади
Президент Покистон раҳбариятига ҳамдардлик билдириб, жароҳатланганларнинг тез фурсатда соғайиб кетишини тилади.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Исломобод шаҳрида содир этилган террорчилик ҳаракати оқибатида кўплаб инсонлар ҳалок бўлгани муносабати билан Покистон Президенти Асиф Али Зардорий ва Бош вазир Шаҳбоз Шарифга таъзия мактуби йўллади.
Давлат раҳбари Покистон халқига, марҳумларнинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур ҳамдардлик билдириб, жароҳатланганларнинг тезроқ соғайиб кетишини тилади.
Маълумотларга кўра, 6 февраль куни Исломободдаги Хадижатул Кубро масжидида жума намози вақтида содир бўлган портлаш оқибатида камида 31 киши ҳалок бўлган, 169 киши эса жароҳат олган.
Покистон расмийлари ҳодисани террорчилик ҳаракати сифатида баҳолаб, воқеа юзасидан тергов ишлари олиб борилаётганини маълум қилди.







