Жаҳон

АҚШ–Эрон қарама-қаршилиги: минтақавий хавфсизликка таъсири ва музокаралар истиқболлари

Эрон ва АҚШ ўртасидаги келишмовчиликка Европа давлатлари ҳам қўшилмоқда. Исроил ва Қўшма Штатлар Эронга қарши шартларини эълон қилди. Эроннинг бу давлатларга ўз шартлари бор.

АҚШ–Эрон қарама-қаршилиги: минтақавий хавфсизликка таъсири ва музокаралар истиқболлари

Сўнгги йилларда халқаро муносабатлар тизимида энг долзарб ва баҳсли масалалардан бири сифатида АҚШ ва Эрон ўртасидаги зиддият алоҳида аҳамият касб этмоқда. Мазкур қарама-қаршилик Яқин Шарқ минтақасида кенг кўламли беқарорлик хавфини кучайтириб, глобал хавфсизлик мувозанатига ҳам сезиларли таъсир кўрсатмоқда. АҚШ денгиз кучлари томонидан “Абраҳам Линсолн” авиаташувчисининг Арабистон яриморолига юборилиши ушбу зиддиятни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқди. Шу билан бирга, кескинлик кучайганига қарамай, томонларнинг музокаралардан бутунлай воз кечмагани дипломатик имкониятлар сақланиб қолаётганидан далолат беради.

 

Музокараларгача бўлган сиёсий вазият

2026 йил январь ойида Эронда юз берган йирик кўламли оммавий норозилик намойишлари ва уларнинг ҳукумат томонидан кескин бостирилиши Ғарб давлатлари, хусусан АҚШ сиёсий доираларида Эрон жамиятида тузумга қарши кайфият ниҳоятда кучайган деган тасаввурни шакллантирди. Ушбу ҳолат маълум маънода Эрон режимининг ички легитимлиги заифлашмоқда деган нотўғри хулосаларга олиб келди. Ана шундай шароитда АҚШ президенти Доналд Трамп маъмурияти томонидан “куч орқали тинчлик” тамойилига асосланган сиёсат фаоллашди.

 

Бу даврда АҚШнинг Форс кўрфази давлатлари билан ҳарбий машғулотларни кучайтириши, Эрон томонидан нефть танкерларига босим ўтказиш ҳолатларининг кўпайиши ҳамда Эрон ҳарбий дронларининг минтақадаги фаоллиги кескинликни янада оширди. Эрон Ислом Республикаси олий раҳбари томонидан билдирилган “АҚШ томонидан амалга ошириладиган ҳар қандай ҳужум минтақавий можаро тусини олади” мазмунидаги баёнотлар томонларни эҳтиёткорликка мажбур этди. Натижада, музокаралар ўтказиш майдони сифатида нисбатан нейтрал ва ишончли воситачи бўлган Уммон танланди.

 

АҚШ ва Исроилнинг асосий талаблари

АҚШнинг ҳарбий босими ва авиаташувчининг минтақага юборилиши, асосан, Исроилнинг хавфсизлик манфаатлари билан чамбарчас боғлиқ эканини кўрсатади. АҚШ ва Исроилнинг Эронга нисбатан илгари сураётган асосий талаблари қуйидагилардан иборат:

1.       Эрон ядро дастурини тўлиқ тўхтатиши;

2.       Бойитилган ураннинг асосий қисмини (тахминан 70 фоизини) мамлакат ҳудудидан олиб чиқиб кетиши;

3.       Минтақадаги прокси кучлар орқали олиб борилаётган сиёсий ва ҳарбий фаолиятни тугатиши.

Мазкур талаблар Эроннинг стратегик мустақиллигини чеклашга қаратилган бўлиб, Теҳрон томонидан миллий хавфсизликка таҳдид сифатида қабул қилинмоқда.

 

Эроннинг музокарадаги позицияси

Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчининг баёнотларига кўра, Эрон музокаралар жараёнига принципиал жиҳатдан қарши эмас, бироқ ҳар қандай ҳарбий босимга қатъий жавоб қайтаришга тайёр. Эрон томонининг асосий талаблари мантиқан қуйидаги йўналишларда жамланади:

1. Эронга нисбатан жорий этилган иқтисодий ва молиявий санкцияларни бекор қилиш;

2. Мамлакат сиёсий тизимининг легитимлигини шубҳа остига олмаслик;

3. Уран бойитиш масаласида халқаро кафолатлар асосида муросавий келишувларга эришиш.

Бу талаблар Эроннинг суверенитет ва стратегик хавфсизлик масалаларига устувор аҳамият бераётганини кўрсатади.

 

Уммон музокаралари ва уларнинг натижалари

7 февраль куни Уммонда АҚШ ва Эрон вакиллари ўртасида учрашув бўлиб ўтди. Музокараларда АҚШ томонидан Уиткоф ва Кушнер, Эрон томонидан эса Ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи иштирок этди. Расмий тафсилотлар очиқланмаган бўлсада, бир қатор оммавий ахборот воситалари АҚШ музокараларда “ноль натижали ўйин” стратегиясини танлаганини таъкидлади. Бунга кўра, Эрон АҚШ талабларини тўлиқ қабул қилиши, эвазига санкциялар босқичма-босқич юмшатилиши таклиф этилган бўлиши эҳтимоли мавжуд.

 

Учрашувдан кейинги баёнотлар музокаралар муросали якун топмаганини кўрсатди. Ароқчи Эрон баллистик ракета дастуридан воз кечмаслигини ва бойитилган уранни мамлакатдан олиб чиқиш масаласи қабул қилиб бўлмас шарт эканини алоҳида таъкидлади. Бу эса кейинги музокараларда жиддий келишмовчиликлар сақланиб қолишини англатади.

 

Кейинги ривожланишлар

Музокаралардан сўнг АҚШ президенти Доналд Трамп Эрон билан савдо қилаётган давлатларга 25 фоизлик тариф жорий этилишини эълон қилди ҳамда ҳарбий ва иқтисодий босимни давом эттиришини билдирди. Шу билан бирга, Исроил бош вазири Бинямин Нетаняхунинг АҚШга ташрифи Эрон масаласида стратегик мувофиқлаштириш кучайишини кўрсатмоқда.

 

Эҳтимолий ҳарбий можаро шароитида Эроннинг АҚШ ҳудудига тўғридан-тўғри зарба бериш имконияти чекланган бўлсада, минтақадаги АҚШ ҳарбий базалари ва Исроил ҳудудига жавоб зарбалари бериш салоҳиятига эга. Бу эса, айниқса, Исроил учун ҳаётий хавф сифатида баҳоланади.

 

АҚШ–Эрон муносабатлари АҚШнинг Ироқ ёки Афғонистон билан бўлган алоқаларидан тубдан фарқ қилади. Эрон минтақавий етакчиликка даъвогар, катта ҳарбий ва сиёсий салоҳиятга эга давлат ҳисобланади. Шу боис икки давлат ўртасида юзага келиши мумкин бўлган ҳарбий тўқнашув кенг кўламли минтақавий можаро хавфини кескин оширади.

 

Мазкур шароитда энг мақбул ечим сифатида музокаралар раундларини давом эттириш, тўхтаб қолган 2015 йилги битимнинг (JCPOA) янги таҳрирдаги ядро келишувларини қайта жонлантириш ва Эроннинг халқаро изоляциясини босқичма-босқич юмшатиш кўрилмоқда. Шу билан бирга, минтақада Эроннинг вақтинчалик заифлашувидан фойдаланишга интилаётган кучлар мавжудлиги ҳарбий тарангликнинг сақланиб қолиш эҳтимолини юқори даражада ушлаб турмоқда.

 

Саидакбар Шамсиев

Малайзия 1,5 мингга яқин мянмаликни қайтарди: БМТ уруш ва таъқиб хавфидан огоҳлантирди

Малайзия 1,5 мингга яқин мянмаликни қайтарди: БМТ уруш ва таъқиб хавфидан огоҳлантирди

UNHCR уларнинг уруш давом этаётган мамлакатга қайтарилиши ортидан таъқибга учраши ёки мажбурий ҳарбий хизматга жалб қилинишидан хавотир билдирмоқда.

Қозоғистонда ҳарбийлар ўлими: 13 та жиноят иши қўзғатилди

Қозоғистонда ҳарбийлар ўлими: 13 та жиноят иши қўзғатилди

14 нафар ҳарбий ҳалок бўлган Каспий денгизидаги машғулотларни режалаштиришда қоидабузарликларга йўл қўйилгани аниқланди.

Қора денгизда кемада ёнғин чиқди: икки киши ҳалок бўлди

Қора денгизда кемада ёнғин чиқди: икки киши ҳалок бўлди

Руминия оммавий ахборот воситалари дон ортилган Туркия кемасига дрон зарбаси берилганини билдирмоқда.

Россияда «ўлат хавфи» сабаб бир қатор шифохоналар карантинга олинди

Россияда «ўлат хавфи» сабаб бир қатор шифохоналар карантинга олинди

Бунга 28 ёшли тиббиёт ходимининг вафот этгани сабаб бўлган. Айни пайтда у билан алоқада бўлган қарийб 200 киши ҳам изоляция қилинган.

Саудия Арабистони ва Яман ўртасида кескинлик: томонлар бир-бирига зарбалар бермоқда

Саудия Арабистони ва Яман ўртасида кескинлик: томонлар бир-бирига зарбалар бермоқда

Саудия Арабистони ҳусийлар назорати остида бўлган Сано шаҳрига зарба берди. Бунга жавобан ҳусийлар Саудия Арабистонининг йирик нефть-газ конига ҳужум қилди.

Франция мактабларида тартибсизликлар: 24 та мактаб ёқиб юборилди

Франция мактабларида тартибсизликлар: 24 та мактаб ёқиб юборилди

Ўқувчилар намойишлари ортидан 500 тагача таълим муассасасида дарслар тўхтатилган.

Кутилмаган ташриф: Германия канцлери Киевга борди

Кутилмаган ташриф: Германия канцлери Киевга борди

Германия Украинага 1,35 млрд евро ёрдам ажратиши кутилмоқда.

Трамп яна америкаликларга пул ваъда қилди:  20 миллиондан ортиқ кексага 90 доллардан берилади

Трамп яна америкаликларга пул ваъда қилди: 20 миллиондан ортиқ кексага 90 доллардан берилади

Оқ уйга кўра, маблағ Medicare Improvement Fund ҳисобидан ажратилиб, аксарият фуқароларга октябрь ойининг бошида тўғридан-тўғри ўтказилади.

АҚШ–Эрон қарама-қаршилиги: минтақавий хавфсизликка таъсири ва музокаралар истиқболлари | Zamon.uz