Наманганда алимент тўлашдан қочиб юрган ота молхонадан топилди
Эркак 3 йилдан бери алимент тўламай, қидирувда бўлган.

Мажбурий ижро бюроси Наманган вилоят бошқармаси қидирув шуъбаси инспекторлари томонидан олиб борилган навбатдаги тадбир давомида 3 йилдан бери алимент тўламай, қидирувда бўлган қарздор аниқланди.
Суд қарорига кўра, Тўрақўрғон туманида яшовчи фуқаро ўз фарзандлари таъминоти учун алимент тўлаши шарт эди. Аммо у узоқ вақт мобайнида мажбуриятдан бўйин товлаб, яшириниб юрган. Натижада алимент қарзи 100 миллион сўмдан ошиб кетган.
Олинган тезкор маълумотлар асосида инспекторлар қарздор яшаш манзилида эканлигини аниқлаб, уйига боришган. Аммо қарздор ҳуқуқ-тартибот ходимларини кўриб, қочишга уринган. У қўшни уйдаги молхонага яшириниб олган ҳолда топилди.
Қарздорга нисбатан қонун доирасида чора кўрилиб, унга 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси қўлланилди.







