Янги Ўзбекистонда суд мустақиллиги — адолат ва қонун устуворлигининг асосий кафолати
Судьяларни тайинлаш тизими янгиланиб, 10 йиллик муддат амалиёти бекор қилиниб, судьялар дастлаб беш йиллик синов муддатига, кейин эса муддатсиз фаолият юритиш тартиби жорий этилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Судьялар ҳамжамияти органлари фаолиятининг самарадорлиги ва очиқлигини ошириш ҳамда суд мустақиллиги кафолатларини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони мамлакатда суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш жараёнларини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқди. Ушбу ҳужжат нафақат суд органлари фаолиятини такомиллаштиришга, балки суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш, судьяларнинг касбий нуфузини ошириш ва жамиятнинг судга бўлган ишончини мустаҳкамлашга қаратилган комплекс ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилади.
Фармонда судьялар ҳамжамияти органларининг роли алоҳида таъкидланиб, уларни суд тизимидаги асосий институционал таянч сифатида ривожлантириш мақсад қилинган. Судьяларнинг ўзини ўзи бошқариш тамойилини кенг жорий этиш орқали кадрлар масаласида шаффофлик ва холисликни таъминлаш кўзда тутилган. Бу, ўз навбатида, судьяларни тайинлаш, лавозимга кўтариш, интизомий жавобгарлик масалаларини ҳал этишда маъмурий таъсирларни камайтиришга хизмат қилади.
Фармон билан судьяларни тайинлаш тизими тубдан қайта кўриб чиқилди. Илгариги ўн йиллик муддат амалиёти бекор қилиниб, судьялар дастлаб беш йиллик синов муддатига, кейин эса муддатсиз фаолият юритиш тартиби жорий этилмоқда. Бу ўзгариш судьяларнинг касбий барқарорлигини таъминлаб, уларнинг қарор қабул қилишда мустақиллигини кучайтиради. Судья ўз лавозими барқарор эканини ҳис этган ҳолда, фақат қонун ва ички ишончга таяниб иш юритиши мумкин.
Суд тизими раҳбар лавозимларига тайинлаш жараёни ҳам очиқ танлов асосида амалга оширилиши белгиланди. Туман, шаҳар ва туманлараро судлар раислари ҳамда уларнинг ўринбосарлари аниқ мезонлар бўйича сараланади. Бу эса раҳбарлик лавозимларида профессионал ва ҳалол кадрлар фаолият юритишини таъминлашга қаратилган.
Судьялар фаолиятини баҳолаш соҳасида ҳам муҳим янгиликлар назарда тутилган. “Ҳалоллик”, “касбий лаёқатлилик” ва “судьялик одоби қоидаларига риоя этиш” тушунчалари қонун даражасида аниқ мезонлар билан мустаҳкамланади. Бу интизомий ишлар юритишда субъективликни камайтириб, адолатли ва шаффоф баҳолаш тизимини шакллантиради.
Судьялар олий кенгаши таркибини шакллантириш тартибида ҳам ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Кенгашнинг доимий аъзолигига номзодлар судьялар малака ҳайъатлари томонидан тавсия этилади ва камида етти йиллик судьялик тажрибасига эга бўлиши лозим. Шу билан бирга, жамоатчилик асосидаги аъзолар ҳуқуқшунослик соҳасидаги илмий муассасалар ва фуқаролик жамияти институтлари томонидан кўрсатилади. Бу тартиб Кенгаш фаолиятида профессионаллик билан жамоатчилик назорати ўртасида мувозанатни таъминлайди.
Фармон судьяликка номзодларни танлаш жараёнида очиқликни кучайтиришни ҳам назарда тутади. Суд тизимидаги бўш лавозимлар, танлов босқичлари ва тайинлаш жараёнлари ҳақидаги маълумотлар Кенгашнинг расмий веб-сайтида эълон қилиб борилади. Бу эса суд тизимида кадрлар масаласида шаффофликни таъминлайди ва фуқаролар ишончини оширади.
Замонавий рақамли технологияларни жорий этиш Фармоннинг муҳим йўналишларидан биридир. Судьяликка номзодлар ҳақидаги маълумотларни “Рақамли ҳукумат” тизими орқали автоматик олиш, сунъий интеллект воситалари орқали фаолият самарадорлигини баҳолаш, психологик мосликни аниқлаш дастурларини такомиллаштириш каби чоралар инсон омили таъсирини камайтириш ва холис қарорлар қабул қилишга хизмат қилади.
Суд мустақиллиги кафолатларини кучайтириш масаласига алоҳида эътибор қаратилган. Судьяга нисбатан интизомий иш кўриб чиқишда унинг ҳимоя ҳуқуқи таъминланади, жазо чоралари аниқ ва адолатли тартибда қўлланилади. Судья мустақиллигига аралашиш ҳолатларига нисбатан жавобгарликни кучайтириш таклифлари ҳам илгари сурилган. Бу нормалар судьяларнинг қонун доирасида эркин фаолият юритишига ҳуқуқий кафолат яратади.
Фармон гендер тенглик масаласига ҳам алоҳида ўрин берган. Суд тизимида аёл судьялар улушини камида 30 фоизга етказиш мақсад қилинган. Бунинг учун қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларида хотин-қизлар учун квоталар жорий этилади. Шунингдек, аёл судьялар касбий ҳамжамиятини ривожлантириш ташаббуслари қўллаб-қувватланади.
Илмий салоҳиятни ошириш мақсадида тажрибали судьяларнинг Одил судлов академиясида педагогик фаолият билан шуғулланиши ва кейинчалик судьялик лавозимига қайтиши кафолатланади. Бу суд амалиёти ва илмий ёндашув уйғунлигини таъминлашга хизмат қилади.
Мазкур Фармон суд тизимида очиқлик, адолат, профессионаллик ва мустақилликни таъминлашга қаратилган комплекс ислоҳотлар дастуридир. Судьялар ҳамжамияти органларининг ваколатлари кенгайиши, кадрлар танловида шаффофликнинг таъминланиши, рақамли технологияларнинг жорий этилиши ва гендер тенгликка эътибор қаратилиши суд ҳокимияти нуфузини оширишга хизмат қилади. Энг муҳими, ушбу ислоҳотлар фуқароларнинг одил судловга бўлган ишончини мустаҳкамлаб, ҳуқуқий давлат барпо этиш йўлида мустаҳкам пойдевор яратади.
Бухоро вилоят суди жиноят ишлари бўйича Бухоро шаҳар судининг тергов судьяси Ёдгоров Сухроб Амирович.







