“Кўча ҳаёти ҳавас қиладиган йўл эмас” — “Бахти Ташкентский”нинг акаси интервью берди
Қамоқда жазо ўтаётган “Бахти Ташкентский”нинг акаси Шуҳрат Қудратуллаев ўтмишдаги хатолари учун пушаймонлигини билдирди.

“Бахти Ташкентский”нинг акаси Шуҳрат Қудратуллаев интервью бериб, ўз ҳаёт йўли, йўл қўйилган хатолар ва ёш авлод учун сабоқлар ҳақида фикр билдирди.
Қудратуллаев сўзларига кўра, авваллари у кўча ҳаётини ҳавас қилган, бироқ вақт ўтиши билан бу йўл оғир оқибатларга олиб келишини англаб етган. Унинг таъкидлашича, кўча ҳаётини орзу қилиш нотўғри бўлган, чунки шу йўл орқали кўп нарсани — оилани, яқинларни, болаларнинг ёшлик даврини йўқотган.
“Мен 12 йилини зона ичида ўтаяпман, бундан олдин эса 10 йил Жаслиқда ва 71-колонияда бўлдим. Ўтмиш қўймас экан, яна шу жойларга келиб қолдик. Кўча ҳаётини ҳавас қилиб яшаганмиз, аммо кейин билдик — ҳавас қиладиган нарса эмас экан. Кўп нарсани йўқотдик: жигарларимизни, оиламизни, болаларимизнинг ёшликларини. Керакли пайтда оиламиз олдида бўлолмадик. Ўзимиз сабабчи бўлиб шунақа жойларга келиб қолдик”, — деди Қудратуллаев.
Шунингдек, у ёшларга мурожаат қилиб, уларни тўғри йўлда бўлишга чақирди: қонун устуворлигини ҳурмат қилиш, таълим олиш, меҳнат қилиш ва давлатга фойда келтириш. У ўтмишдаги хатоларидан пушаймонлигини очиқ ифода қилиб, оиласига етказилган қийинчиликларни эслади.
“Энди ёшларимиз тўғри йўлда бўлсин. Президентимиз шароит яратиб беряптилар: тадбиркорлик қилиш, ўқиш, фарзандларимизнинг таълим олиши имконияти бор. Шуни эслатаман — қонунни ҳурмат қилиш, давлатга фойдамиз тегиши, зараримиз тегмаслиги муҳим. Оиламиз, қариндошларимиз олдида масъулиятимизни ҳис қилайлик”, — дейди Қудратуллаев.







