Эрон билан музокара қилиш учун кеч бўлди — Трамп
АҚШ президенти Дональд Трамп Эрон билан музокаралар учун имконият қўлдан бой берилганини айтди ва АҚШнинг Эронга қарши ҳарбий операцияси режалаштирилганидан тезроқ давом этмоқдаганини билдирди.

АҚШ президенти Дональд Трамп Эрон билан музокаралар олиб бориш имконияти деярли қўлдан бой берилганини маълум қилди. У бу ҳақда ўзининг Truth Social ижтимоий тармоғидаги саҳифасида ёзган.
Трампнинг таъкидлашича, Эроннинг ҳаво ва денгиз мудофаа тизимлари ҳамда ҳарбий салоҳиятига жиддий зарба берилган.
“Уларнинг ҳаво мудофааси, ҳаво кучлари, денгиз флоти ва раҳбарияти йўқ қилинди. Энди улар музокара қилишни хоҳлашмоқда. Мен эса: ‘Кеч бўлди’, дедим”, — деб ёзган у.
АҚШ президенти ўз постида The Washington Post нашрида эълон қилинган мақолага ҳам ҳавола берган. Унда таъкидланишича, Эрон тарихан АҚШ учун хавф сифатида кўрилган ва шу сабабли Вашингтон Яқин Шарқдаги ҳарбий базаларини сақлаб келмоқда. Шу билан бирга, Трамп қуруқликдаги босқин амалга оширмасдан туриб ҳам минтақадаги вазиятни ўзгартиришга эришганини таъкидлаган.
3 март куни АҚШ етакчиси Қўшма Штатлар Исроил билан ҳамкорликда 28 февраль куни бошланган Эронга қарши ҳарбий операция ўз мақсадларига еришишга яқинлашганини маълум қилди.
“Биз уларга катта зарар етказмоқдамиз ва уларни жиддий қўрқитмоқдамиз”, — деди Трамп.
Оқ уй раҳбарининг сўзларига кўра, операция режалаштирилганидан тезроқ давом этмоқда. Унинг асосий мақсади Эроннинг ядровий инфратузилмаси ҳамда ракета салоҳиятини йўқ қилишдан иборат.
Шунингдек, Трамп АҚШнинг қурол заҳиралари деярли чексиз эканини билдириб, зарурат туғилганда мамлакат узоқ муддатли ҳарбий операцияларни ҳам муваффақиятли олиб бориш имкониятига эга эканини таъкидлаган.
Аввалроқ, 2 март куни Aли Ларижоний Эрон АҚШ билан музокара олиб бориш режалари йўқлигини маълум қилган эди. Бундан бир кун олдин эса Трамп Теҳрон Вашингтон билан музокара қилишга тайёрлигини билдирган эди.








