Исроил разведкаси Теҳрон камераларини бузиб, Хоманаий ҳаракатларини кузатган — Financial Times
Олинган тасвирлар шифрланиб, Тел-Авив ва Исроил жанубидаги серверларга узатилгани айтилмоқда.

Financial Times нашри маълум қилишича, Исроил разведка хизматлари Эрон олий раҳбари Али Хоманаий ҳаракатлари ҳақида муҳим маълумотларни Теҳрондаги йўл ҳаракати кузатув камераларини бузиб кириш орқали қўлга киритган.
Нашр манбаларига кўра, разведка ходимлари пойтахт Теҳрон ҳудудида жойлашган кузатув камераларига ноқонуний кириш имконини қўлга киритган. Ушбу камералардан олинган тасвирлар шифрланган ҳолда Тел-Авив ҳамда Исроил жанубидаги серверларга узатилган.
Маълум қилинишича, камералардан бирининг кўриш бурчаги Хоманаий қароргоҳи жойлашган Пастер кўчасидаги ҳудудни қамраб олган. Бу орқали разведка хизматлари қароргоҳ атрофида автомобиллар қаерда тўхташи, хавфсизлик тизими қандай ишлаши ва мажмуа ичидаги ҳаракатлар тартибини таҳлил қилиш имконига эга бўлган.
Шунингдек, Исроил разведкаси қароргоҳ яқинидаги ўнга яқин мобил алоқа минораларининг айрим компонентларини вақтинча ўчириб қўйишга ҳам муваффақ бўлгани айтилмоқда. Натижада телефон орқали қўнғироқлар амалга оширилганда алоқа тармоғи банд кўринишига келиб қолган ва бу Хоманаийнинг хавфсизлик хизматлари томонидан огоҳлантириш сигналларини олишга тўсқинлик қилган.
Нашр суҳбатлашган разведка ходимларидан бирининг сўзларига кўра, операциядан анча олдин Исроил разведка хизматлари Теҳрон шаҳрини батафсил ўрганиб чиққан.
“Биз Теҳронни деярли Қуддусдек яхши билардик. Агар сиз бир ҳудудни яхши билсангиз, ундаги ҳар қандай ғайриоддий ҳолатни тезда сезишингиз мумкин”, — дея таъкидлаган манба.
Аввалроқ The New York Times газетаси ҳам Central Intelligence Agency — АҚШ Марказий разведка бошқармаси Хоманаийни бир неча ой давомида кузатиб келгани ҳақида хабар берган эди.








