Тошкентда ИИББнинг 2 тезкор ходими қамоққа олинди
Улар фуқарони жиноий жавобгарликдан қутқариш эвазига 2200 АҚШ доллари талаб қилган.

Тошкент шаҳар Ички ишлар бошқармаси (ИИББ)нинг 2 нафар тезкор ходими хизмат мавқеини суиистеъмол қилиб, шахсий бойлик орттиришга уринганлиги аниқланиб, Давлат хавфсизлик хизмати томонидан ушланган. Бу ҳақда ДХХ Zamon.uzга хабар берди.
Тезкор тадбир давомида Шайхонтоҳур тумани ИИО ФМБ Жиноят қидирув бўлими катта тезкор ходими ва Тошкент шаҳар ИИББ Жиноят қидирув бошқармаси катта тезкор ходими Олмазор туманида яшовчи 1982 йилда туғилган фуқароннинг ёнидан топилган 3 грамм “гашиш” моддасига оид иш ҳужжатлари доирасида, гумондорни жиноят жавобгарлигидан қутқариш эвазига 2200 АҚШ доллари талаб қилгани маълум бўлди. Улар олдиндан келишилган пулнинг 1000 долларини олишган. Қолган 1200 долларни ўз хизмат хоналарида олиш жараёнида ушланган.
Шунингдек, Тошкент шаҳар ИИББ Жиноят қидирув бошқармаси катта тезкор ходими ҳам процессуал тартибда ушланган.
Ҳозирда Тошкент шаҳар прокуратураси томонидан мазкур ходимларга нисбатан Жиноят кодексининг 210-моддаси 2-қисми (пора олиш) билан жиноят иши қўзғатилган ва “қамоқ” эҳтиёт чораси қўлланилган. Тергув ҳаракатлари давом этмоқда.








