Илм йўлида янги авлодга илҳом — ёшлар учун намуна бўлаётган олим фаолияти
Тошкент вакцина ва зардоблар илмий-тадқиқот институтида фаолият юритаётган PhD Улуғбек Мирзаев илмий изланишлари ва халқаро тажрибаси билан соғлиқни сақлаш тизими ривожига ҳисса қўшиб, ёш олимлар учун намуна бўлиб келмоқда.

Янги Ўзбекистон шароитида илм-фан ва соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш, айниқса юқумли касалликлар профилактикаси ҳамда замонавий илмий тадқиқотларни кенгайтириш долзарб вазифалардан бири ҳисобланади. Бу йўналишда фаолият юритаётган ёш ва ташаббускор олимлар мамлакат илмий салоҳиятини оширишга муносиб ҳисса қўшиб келмоқда. Тошкент вакцина ва зардоблар илмий-тадқиқот институти ана шундай илмий марказлардан бири бўлиб, бу ерда олиб борилаётган илмий изланишлар нафақат тиббиёт соҳасининг ривожига хизмат қилмоқда, балки ёш тадқиқотчилар учун ҳам катта мотивация манбаи бўлиб хизмат қилмоқда.
Инфексионист (вирусолог), эпидемиология бўйича PhD Улуғбек Худойбердиевич Мирзаев ана шундай фидойи олимлардан биридир. Бугунги кунда у Тошкент вакцина ва зардоблар илмий-тадқиқот институтида илмий ишлар бўйича директор ўринбосари сифатида фаолият юритиб, илмий тадқиқотларни ривожлантириш, замонавий эпидемиологик таҳлилларни жорий этиш ҳамда ёш тадқиқотчиларни қўллаб-қувватлаш йўналишида самарали иш олиб бормоқда.
Улуғбек Мирзаев ўз фаолиятини амалий инфексионист шифокор сифатида бошлаган. Юқумли касалликлар бўлимида ишлаш жараёнида орттирган тажрибаси кейинчалик унинг илмий изланишлари учун мустаҳкам асос бўлди. Айниқса, гепатит C инфекциясининг жигар ташқарисидаги асоратларини ўрганишга бағишланган тадқиқотлари касалликни фақат жигар билан боғлиқ муаммо сифатида эмас, балки бутун организмга таъсир қилувчи тизимли касаллик сифатида баҳолаш зарурлигини кўрсатди.
Олим вирусли гепатитлар эпидемиологияси бўйича йирик илмий лойиҳаларда ҳам фаол иштирок этган. Миллиондан ортиқ аҳоли қамраб олинган эпидемиологик тадқиқотларда гепатит Б ва C инфекцияларининг тарқалиш кўрсаткичлари таҳлил қилинди. Ушбу илмий изланишлар юқори хавф гуруҳларини аниқлаш, профилактика чораларини такомиллаштириш ҳамда касалликларни эрта аниқлаш тизимини кучайтиришга хизмат қилмоқда.
Мирзаевнинг илмий фаолияти халқаро миқёсда ҳам эътироф этилган. У Япония давлатидаги Ҳирошима университетида эпидемиология йўналиши бўйича PhD даражасини қўлга киритган. Унинг докторлик тадқиқотлари гепатит Э вируси тарқалишини ўрганишга бағишланган бўлиб, серологик ва статистик таҳлиллар орқали инфекция даражаси ва хавф омиллари илмий жиҳатдан асослаб берилган.
COVID-19 пандемияси даврида ўтказилган III-босқич вакцина клиник синовларида ҳам Мирзаев фаол иштирок этди. 6 500 дан ортиқ иштирокчи қатнашган ушбу тадқиқотлар халқаро GCP стандартлари асосида олиб борилди. Тадқиқот жараёнларида хавфсизлик мониторинги, ножўя таъсирларни баҳолаш ҳамда статистик таҳлил ишларини мувофиқлаштиришда унинг тажрибаси муҳим роль ўйнади.
Бундан ташқари, 44 мингдан ортиқ аёл иштирок этган HPV эпидемиологик тадқиқоти ҳам унинг илмий фаолиятида алоҳида ўрин тутади. Мазкур изланиш бачадон бўйни саратонининг эрта аниқланиши ва скрининг тизимини такомиллаштиришга қаратилган бўлиб, инфекцион касалликлар ва онкологик хавф ўртасидаги боғлиқликни чуқур ўрганишга хизмат қилмоқда.
Улуғбек Мирзаев нафақат олим, балки ёш тадқиқотчилар учун устоз ҳамдир. У илмий тадқиқот методологияси ва танқидий фикрлаш бўйича машғулотлар орқали ёш шифокорлар ва олимларни илмий изланишга ундаб келмоқда. Тошкент вакцина ва зардоблар илмий-тадқиқот институтида амалга оширилаётган бундай илмий фаолият ёшларнинг илмга қизиқишини ошириб, янги авлод тадқиқотчиларининг шаклланишига хизмат қилмоқда.
Бугунги кунда институт олимлари томонидан олиб борилаётган илмий тадқиқотлар нафақат мамлакат соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш, балки ёш авлодни илм-фанга жалб қилишда ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда. Бундай олимларнинг фаолияти ёшлар учун катта мотивация бўлиб, илмий изланиш, меҳнат ва интилиш орқали катта натижаларга эришиш мумкинлигини яна бир бор намоён этади.







