Трампнинг савдони тўхтатиш таҳдидига Испания бош вазири жавоб қайтарди
Вазир 2003 йилда Ироқда амалга оширилган ҳарбий амалиётни назарда тутиб, "ўтмишдаги хатоларни" такрорламасликка чақирди.

Испания бош вазири Педро Санчес АҚШ президенти Доналд Трампнинг Мадрид Эронга ҳужум қилиш учун ўз авиабазаларини тақдим этишдан бош тортгани сабабли икки давлат ўртасидаги савдо алоқаларини тўхтатиш ҳақидаги баёнотига жавоб қайтарди.
Санчес чоршанба куни эрталабки телемурожаатида Испания ҳукуматининг позициясини “урушга йўқ деймиз” сўзлари билан таърифлаш мумкинлигини айтди.
Вазир 2003 йилда Ироққа бостириб киришни назарда тутиб, "ўтмишдаги хатоларни" такрорламасликка чақирди. Санчес ўшанда ҳарбий амалиёт иштирокчилари мақсадларига эриша олмаганини, аммо минтақада беқарорлик ва унинг аҳолиси ҳаётининг ёмонлашишига олиб келганини эслатди.
Санчеснинг айтишича, Эронга ҳужумлар миллионлаб оддий одамлар учун худди Ироқдаги каби иқтисодий оқибатларга олиб келиши мумкин ва Испания ҳукумати бунга қарши чораларни кўриб чиқмоқда.







