Пентагон раҳбари Эронга қарши зарбалар кучайтирилишини маълум қилди
Операцияда кўплаб қирувчи ва бомбардимончи самолётлар жалб қилинади.

АҚШ Мудофаа вазирлиги раҳбари Пит Хегсет АҚШ ва Исроил томонидан Эронга қарши олиб борилаётган ҳарбий операция доирасида зарбалар янада кучайтирилишини маълум қилди. Бу ҳақда ТАСС ахборот агентлиги хабар берди.
Унинг таъкидлашича, Эрон ҳудудига нисбатан энг интенсив зарбалар амалга оширилиши режалаштирилган. Операцияда кўп сонли қирувчи самолётлар, бомбардимончи самолётлар ҳамда аниқроқ разведка маълумотларидан фойдаланилиши кўзда тутилган.
“Эрон ҳудудига энг интенсив зарбалар берилади. Операцияда кўпроқ қирувчи ва бомбардимончи самолётлар жалб қилинади, зарбалар аниқ разведка маълумотлари асосида амалга оширилади”, — деди Пит Хегсет.
Пентагон раҳбарининг сўзларига кўра, АҚШ ҳарбийлари сўнгги 24 соат ичида Эрон томонидан амалга оширилган ракета зарбалари сонининг камайганини қайд этган.
Шу билан бирга, у АҚШ ҳозирча Эронга қарши ҳарбий ҳаракатларни кенгайтиришни режалаштирмаётганини ҳам таъкидлади. Агар зарурат туғилса, Ҳормуз бўғози орқали ҳаракатланаётган танкерлар ва бошқа кемаларнинг хавфсизлигини таъминлаш учун қўшимча операциялар ўтказилиши мумкин.







