Қидирувда бўлган икки нафар Ўзбекистон фуқароси Баҳрайн ва АҚШдан қайтарилди
Улардан бири фирибгарликда, иккинчиси ўта йирик миқдордаги ўғирликда гумонланиб халқаро қидирувга берилган.

Фирибгарлик ва йирик миқдордаги ўғирлик жиноятларида айбланиб қидирувда бўлган икки нафар Ўзбекистон фуқароси хориждан мамлакатга қайтарилди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинганича, фирибгарлик жинояти учун халқаро қидирувда бўлган шахс Интерполнинг Тошкент ва Манама шаҳарларидаги Миллий марказий бюролари ўртасидаги ҳамкорлик натижасида Баҳрайндан Ўзбекистонга экстрадиция қилинган. Экстрадиция икки давлат ваколатли органларининг мувофиқлаштирилган ишлари ҳамда Интерполнинг халқаро ҳамкорлик каналларидан самарали фойдаланиш орқали амалга оширилган.
Шунингдек, катта миқдордаги ўғирлик жиноятини содир этганликда гумон қилиб қидирувда бўлган яна бир Ўзбекистон фуқароси АҚШдан депортация қилинган. Мазкур жараён Интерполнинг Ўзбекистондаги Миллий марказий бюроси ахборот таъминоти ҳамда АҚШ элчихонаси мувофиқлаштирган қўшма тезкор-қидирув тадбирлари натижасида амалга оширилган.
Маълумотларга кўра, музокаралар ва томонлар ўртасидаги тезкор ахборот алмашуви натижасида АҚШ ваколатли органлари қидирувда бўлган шахсни Ўзбекистонга депортация қилиш тўғрисида қарор қабул қилган.
Таъкидланишича, мазкур ҳолатлар халқаро ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамкорлигининг самарадорлигини ҳамда трансмиллий жиноятчиликка қарши курашда халқаро ахборот алмашувининг муҳим аҳамиятга эга эканини яна бир бор тасдиқлайди. Қайтарилган шахслар қонунчиликка мувофиқ суд олдида жавоб беради.








